Ўзбекистон | 20:49 / 05.05.2025
7870
5 дақиқада ўқилади

5 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Бойсундаги конда газ отилиши, Франциядан харид қилинаётган Airbusʼлар, Нуробод туманида тарқалган чигирткалар, фаолияти оптималлаштирилаётган Қўйлиқ бозори — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бойсундаги газ фаввораси

Сурхондарёнинг Бойсун туманида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида газ отилиши юз берди.

Энергетика вазирлигига кўра, 5 май куни соат 6:10 да кондаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилган.

«Таркибида водород сулфиди юқори бўлган газ тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда», — дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд доимий назорат қилинмоқда. Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб боряпти.

Энергетика вазирлиги юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслигини маълум қилди.

Вазирликнинг эслатишича, 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилган. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрел куни эса қудуқ ўқи ғовланиб тушган ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими кузатилган.

Ўзбекистон 14 та янги Airbus харид қилади

Саудия Арабистонининг Al Harir газетасида «Сайёҳларни жалб қилиш учун Ўзбекистон авиапарки ўнлаб замонавий самолётлар билан тўлдирилади» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатда сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ҳаво флотини кенгайтириш бўйича кенг кўламли режалар кўриб чиқилган. Унда Францияга ташрифда 14 та янги замонавий Airbus самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилгани, Boeing компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошлангани ҳақида сўз боради.

Нашр шу йил январ ойида Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси раҳбари Шуҳрат Худойқулов 2 миллиард долларга 14 та узоқ масофага учадиган Boeing 787-8 Dreamliner самолётини сотиб олиш режасини маълум қилгани ҳақида ёзган.

«2022 йил ноябр ойида Ўзбекистон умумий қиймати қарийб 800 миллион еврога 17 та Airbus ва ATR самолётларини сотиб олиш бўйича шартномалар имзолаган», – дея таъкидланган мақолада.

Самарқандда тарқалган чигирткалар

Нуробод туманининг Олға маҳалласи ҳудудида зарарли чигирткалар кўпайгани аниқланди. Аҳолидан тушган мурожаат асосида чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати масъуллари томонидан ҳудудда кучайтирилган ўрганиш ишлари олиб борилган.

Самарқанд вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизматига кўра, Нуробод туманида 24 минг гектарда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишлов ўтказиш прогноз қилинган. Шундан қарийб 20 минг гектарда кузатув тадбирлари ўтказилган.

Кузатув жараёнида 16 минг 850 гектарда зарарли чигирткалар тарқалган майдон аниқланган. Туманда бир кунда 810 гектаргача майдонда ишловлар олиб борилмоқда. Бугунгача жами 16 минг гектардан зиёд майдон ишловдан ўтказилган.

Фаолияти оптималлаштирилаётган Қўйлиқ бозори

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қўйлиқ бозори ҳудудининг бир қисмини реорганизация қилиш ва ободонлаштириш ишлари қайта тикланганини маълум қилди.

Ҳокимликка кўра, бозор ёпилмаяпти, балки унинг фаолияти оптималлаштирилмоқда. Тартиб ўрнатиш, санитария шароитларини яхшилаш, инфратузилмани янгилаш ва умумий хавфсизлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзгаришлар бошланишидан олдин бозор ҳудудида кўплаб муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди. Хусусан, жиноятчилик хавфи, эскирган коммуникациялар сабабли юзага келган майда ёнғинлар, санитария меъёрларининг бузилиши, шунингдек, қулайлик ва одамлар саломатлигига хавф солувчи тартибсиз савдо ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.

«Ушбу ҳолатлар эътиборсиз қолдирилиши мумкин эмас. Шу сабабли, тизимли қарор қабул қилиниб, бозор халқаро ва замонавий шаҳар стандартларига мос ҳолга келтирилмоқда», — дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.

Мавзуга оид