Жаҳон | 22:41 / 05.05.2025
5562
2 дақиқада ўқилади

Россияда 14 ёшли қиз тасодифан ошқошиқни ютиб юборди

Қиз томоғига тиқилиб қолган олма бўлагини чиқариб олишга уринганида қошиқни ютиб юборган. Шифокорлар уни чиқариб олишга муваффақ бўлди.

Л.М.Рошал номидаги Болалар клиник маркази шифокорлари 14 ёшли қизнинг ошқозонидан ошқошиқни чиқариб олди. Бу ҳақда Москва области Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Москва области Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Беморнинг айтишича, у томоғига тиқилиб қолган олма бўлагини чиқариб олмоқчи бўлганида тасодифан қошиқни ютиб юборган. Шифокорлар рентгенография ўтказиб, қизнинг ошқозонини видеоскоп ёрдамида текширган.

Узунлиги 15 сантиметрга етадиган қошиқ деярли кўндаланг туриб қолган — унинг ингичка қисми ошқозон деворига, кенг қисми эса ўн икки бармоқли ичакка тиралган.

Шифокорлар ушбу қошиқни эндоскопик илгак ёрдамида чиқариб олди. Ошқозондаги предмет махсус тутқичлар ёрдамида ҳалқумгача тортилган, сўнгра қисқич орқали бутунлай олиб ташланган. Операция муваффақиятли ўтган ва бемор қизга касалхонадан рухсат берилган. Шифокорлар қошиқ организмга зарар етказишга улгурмаганини таъкидлади.

Аввалроқ АҚШнинг Флорида штати полицияси Tiffany & Co заргарлик дўконидан 769,5 минг долларлик зиракларни ўғирлаб, ютиб юборган шахсни қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид