Жаҳон | 14:18 / 22.05.2025
3592
2 дақиқада ўқилади

АҚШ яна Россиягача етиб борадиган ракетани синовдан ўтказди

Синов парвози «одатий фаолиятнинг бир қисми» бўлиб, ядровий тийиб туриш самарадорлигини намойиш этиш учун мўлжалланган, деди АҚШ ҳарбийлари.

Фото: X / SLDelta30

21 май, чоршанба куни АҚШ Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини режали синовдан ўтказди, деб хабар берди Калифорниядаги Ванденберг ҳаво кучлари базаси қўмондонлиги 21 май куни. Ракета Mark-21 High Fidelity De-Entry бир дона жанговар каллак билан жиҳозланган. Жанговар каллак Тинч океанининг марказий қисмидаги Маршалл оролларида Кважалейн шаҳридаги Роналд Рейган баллистик ракетага қарши мудофаа полигонигача тахминан 4200 миля масофани босиб ўтди.

«Ушбу синов парвози Америка Қўшма Штатларининг ядровий тўхтатувчиси хавфсиз ва 21-аср таҳдидларининг олдини олишда самарали бўлиб қолиши ҳамда иттифоқчиларимизга ишонч ҳосил қилишини кўрсатиш учун мўлжалланган мунтазам ва даврий тадбирларнинг бир қисмидир», дейилади баёнотда.

Minuteman III қаттиқ ёнилғидаги қитъалараро баллистик ракетаси 1970 йилдан бери АҚШ армиясида фойдаланишда. Унинг массаси тахминан 36 тонна, максимал парвоз масофаси 9500 километрдан, тезлиги эса соатига 24 минг километрдан ошади. Бу АҚШ стратегик ядровий кучлари таркибидаги ягона шахтада сақланадиган қитъалараро баллистик ракета ҳисобланади. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари веб-сайтига кўра, ҳозирда Қўшма Штатларда бу ракеталарнинг 400 таси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учтагача ядровий каллакни олиб юришга қодир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид