Жаҳон | 11:17 / 06.11.2025
2354
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Minuteman III қитъалараро ракета синовини ўтказди

Minuteman III қитъалараро баллистик ракетанинг синов парвози Калифорниядаги Ванденберг базасидан амалга оширилди, ракета Маршалл оролларига деярли 7000 километр парвоз қилди.

Фото: U.S. Air Force/ZUMA Press

АҚШ Калифорния штатининг Ванденберг базасидан Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини синов тарзида учирди. АҚШ Ҳаво кучларининг Глобал зарбалар қўмондонлиги (AFGSC) 5 ноябр куни ўтказилган ва GT 254 деб белгилаб қўйилган тест орқали қитъалараро баллистик ракеталарнинг ишончлилиги ва тайёрлигини тасдиқлаганини АҚШ Космик кучлари маълум қилди.

Ракета тахминан 4200 миля (ҳисоб-китобга кўра — 6800 км чамаси) масофани босиб ўтиб, Маршалл ороллари республикасидаги Кважалейнда жойлашган мудофаа синов полигонига етди. “Бу учириш Minuteman III имкониятларини баҳолаш ва тасдиқлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган режали ва даврий тадбирлар сериясининг бир қисмидир”, дейилади баёнотда.

Синовлар қатъий хавфсизлик протоколларига риоя этилган ҳолда ўтказилиб, AFGSC’га муҳим маълумотларни тўплаш имконини беради, дея таъкидлади Космик кучлар.

Худди шу куни Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов ядровий синовларга тайёргарликни бошлашни таклиф этди. Бир ҳафта аввал АҚШ президенти Доналд Трамп бошқа давлатлар ўтказаётган синовларга ишора қилиб, ядровий қурол синовларини бошлашни буюрган эди. “Россия синовлар ўтказмоқда, Хитой ҳам синовлар ўтказмоқда, лекин бу ҳақда айтмайди. Биз ҳам синов ўтказамиз, чунки улар синов ўтказмоқда ва бошқалар ҳам. Албатта, Шимолий Корея синов ўтказади. Покистон ҳам синов ўтказади”, — деди у.

Трампнинг бу қадами Путиннинг ядровий қурилмаларга эга “Буревестник” ракетаси ва “Посейдон” сувости аппарати синовлари ҳақидаги баёнотларига жавоб бўлди. Шундан кейин Оқ уй раҳбари Путинга “тўрт йилга яқин давом этаётган урушни якунлаш билан шуғулланса бўларди, ракета синовлари билан эмас”, деб айтди.

Сўнгги йилларда АҚШ Minuteman III — 1970 йилдан бери қуролланишда бўлган қаттиқ ёнилғили қитъалараро баллистик ракетани бир неча бор синовдан ўтказган. Унинг учиш масофаси 12 минг километрни ташкил этади. Бу — АҚШ стратегик ядровий кучлари таркибидаги ягона шахта базасида жойлаштирилган ҚБР. Жумладан, 2025 йил май ойида ҳам Minuteman III синовлари ҳақида хабар берилган.

Ҳозирда АҚШда шундай 400 та ракета мавжуд, уларнинг ҳар бири учтагача ядровий каллакни олиб юриши мумкин. Улар Монтана штатининг Малстром авиабазаси яқинида жойлашган 341-ракета қаноти, Вайомингдаги Уоррен авиабазасидаги 90-ракета қаноти ва Шимолий Дакотадаги Майнот авиабазасидаги 91-ракета қаноти позицион районларида шахта қурилмаларида жанговар навбатчиликда турибди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид