Жамият | 16:31 / 28.05.2025
1444
2 дақиқада ўқилади

Маданият ва санъат соҳасидаги иқтидорли ёшлар рағбатлантирилади

Ижодкор ёшлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона платформа жорий этилади ҳамда «ERP madaniyat» ягона бошқарув тизимига интеграция қилинади.

Фото: ЎзА

«Ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, маданият ва санъат соҳасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагилар йўлга қўйилади:

- ижодкор ёшлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона платформа жорий этилади ҳамда «ERP madaniyat» ягона бошқарув тизимига интеграция қилинади;

- маданият соҳасида сунъий интеллектдан ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича «Ижодий технолаборатория» ташкил этилади;

- умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида «Ижодкор ёшлар клуби» фаолияти йўлга қўйилади;

- «Маданият волонтёрлари» ижтимоий ҳаракати фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳар йили жаҳоннинг камида 4 нафар етакчи мутахассиси ва таниқли санъаткори ўқув жараёнларига жалб этилади ҳамда камида 4 нафар ижодкор ёшлар хорижий мамлакатларга тажриба алмашиш учун юборилади.

Маданият ва санъат йўналишидаги «Start-Up» лойиҳалари учун БҲМ 100 бараваригача миқдорида ижодий грантлар ажратилади.

2026 йилдан Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланадиган йиллик календарь-режа асосида ёшлар учун танлов ва фестиваллар ташкил этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид