Технология | 00:05 / 07.06.2025
6743
2 дақиқада ўқилади

Япониянинг Ойга учирган модули қўниш вақтида фалокатга учради

Аппарат 100 километрдан 20 километргача пастлаган, двигателини муваффақиятли ёққан ва вертикал ҳолатини сақлаган. Аммо якуний босқичда алоқа узилган.

Фото: India Today

Япониянинг iSpace компаниясига тегишли Hakuto-R М2 модули 6 июн куни Ойга қўниш вақтида фалокатга учради. Миссия жамоаси модул билан алоқа узилгани ва операцияни якунлаш имкони йўқлигини тасдиқлади.

Қайд этилишича, муҳандислар Япония вақти билан соат 03:13 да қўнишни амалга оширишга киришган. Аппарат 100 километрдан 20 километргача пастлаган, двигателини муваффақиятли ёққан ва вертикал ҳолатини сақлаган. Аммо якуний босқичда алоқа узилган. Таҳлилларнинг кўрсатишича, баландликни лазер ёрдамида ўловчи қурилма маълумотларни узилиш билан узатган, натижада, модул керакли хавфсиз тезликка вақтида туша олмаган. Оқибатда «қаттиқ қўниш» юз бергани тахмин қилинмоқда.

Сигналлар йўқолгач, қайта ишга тушириш учун жамоа йўлланган, аммо алоқани тиклашнинг имкони бўлмаган. «Муваффақиятли қўниш имконияти бўлмаган шароитда бизнинг устувор вазифамиз — телеметрия маълумотларини таҳлил қилиш ва сабабларни аниқлашдир. Биз бу борада акциядорлар, буюртмачилар ва ҳамкорларга ҳисобот тақдим этамиз», — дейди iSpace бош директори Такеши Ҳакамада.

Бу iSpace’нинг иккинчи омадсизлиги; 2023 йилда ҳам уларнинг Hakuto-R модули Ой юзасида фалокатга учраган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид