Жамият | 17:49 / 08.06.2025
4946
2 дақиқада ўқилади

Германияда 14 нафар ўзбекистонлик талабага ёрдам кўрсатилди

Work and Travel дастури асосида Германияга борган талабалар қийин молиявий аҳволда қолган. Улар Франкфурт-Майн шаҳридаги фаол ватандошлар кўмагида Бош консулхонага олиб келинган.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари ёз мавсумида ташкил этиладиган Work and Travel дастури асосида Германияга келган ва қийин молиявий аҳволда қолган Қорақалпоқ давлат университети талабаларига амалий ёрдам кўрсатди.

Қайд этилишича, ташкилий масалаларда йўл қўйилган баъзи камчиликлар сабабли сафарнинг биринчи кунидан режалаштирилган манзил ва иш жойига етиб бора олмаган ҳамда ётоқсиз қолган 14 нафар талаба дипломатлар ва Франкфурт-Майн шаҳридаги фаол ватандошлар кўмагида Бош консулхонага олиб келинган.

Германияга келган мазкур талабалар билан муаммоларнинг юзага келиш сабаблари, маҳаллий иш берувчи томонидан меҳнат шартномасининг бажарилиш ҳолатлари бўйича суҳбат ўтказилган. Уларга Германияда бўлиш қоидалари тушунтирилган, ўз хавфсизликларини таъминлаш, шахсий мулк ва ҳужжатларини эҳтиёт қилишлари юзасидан тегишли чоралар кўришлари лозимлиги айтиб ўтилган.

Молиявий жиҳатдан қийин аҳволда қолган талабаларга тезкорлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳар бир талаба белгиланган меъёрда кунлик харажатлар учун зарур маблағ билан таъминланган ва меҳмонхонада яшаш харажатларини қоплаш бериш юзасидан агентлик билан келишиб олинган.

Шунингдек, талабаларга Франкфурт-Майн шаҳридан вақтинча яшаб туришлари учун меҳмонхонадан жой олишда амалий ёрдам кўрсатилган.

«Ҳамюртларимизни вақтинча иш билан таъминлашда воситачилик қилган Германиянинг Nova Agency компанияси масъул ходимлари билан кечган мулоқотда юзага келган муаммолар муҳокама қилинди. Бош консулхона дипломатлари талабаларнинг шартнома бўйича белгиланган иш жойига етиб бориши ва меҳнат фаолиятини бошлашлари бўйича музокараларни давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид