Таълим | 11:33
499
2 дақиқада ўқилади

Педагогика талабалари учун ташқи диагностика жорий этилади

Педагогика йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг билимлари эндиликда ташқи диагностикадан ўтказилади. Бу бўйича низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Фото: Иллюстратив сурат

Ҳужжатга кўра, педагогика соҳасида кадрлар тайёрлаш сифати ва таълим жараёни самарадорлигини баҳолаш мақсадида талабаларнинг билимлари ташқи диагностика асосида текшириб борилади.

Ташқи диагностика ҳар ўқув йилида бир марта педагогика йўналишларида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари ўртасида тест синовлари шаклида ўтказилади. Тестлар 50 та саволдан иборат бўлиб, уларни бажариш учун 45 дақиқа вақт ажратилади. Ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланади ва максимал натижа 100 баллни ташкил этади.

Диагностика жараёнини ташкил этиш учун ҳар йили сентябрь ойида мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан камида 5 нафар малакали мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ тузилади.

Ташқи диагностика натижаларига кўра, ўртача 56 балл ва ундан юқори натижа қайд этган таълим йўналишлари “талабларга жавоб берадиган”, 56 баллдан паст кўрсаткич қайд этган йўналишлар эса “талабларга жавоб бермайдиган” деб баҳоланади.

Қайд этилишича, ташқи диагностика натижалари талабаларнинг жорий ўзлаштириш кўрсаткичлари ва рейтинг балларига таъсир қилмайди. Ушбу тизим педагог кадрлар тайёрлаш сифати ҳолатини таҳлил қилиш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид