Жаҳон | 14:20 / 09.06.2025
3008
2 дақиқада ўқилади

Путин Россия флотини 2050 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади

Николай Патрушевнинг сўзларига кўра, бундай ҳужжат Россия замонавий тарихидаги биринчи шундай ҳужжатдир.

Фото: Юрий Смитюк / ТАСС

Россия президенти Владимир Путин «Россия Ҳарбий-денгиз флотини 2050 йилгача ривожлантириш стратегиясини» тасдиқлади, деб хабар берди РИА «Новости». Бундай ҳужжат замонавий тарихда биринчи марта қабул қилинди, деди президент ёрдамчиси, Россия Денгиз коллегияси раиси Николай Патрушев «Аргументы и факты» нашрига.

Унинг сўзларига кўра, Путин янги стратегияни 30 май куни маъқуллаган. «Стратегияни тайёрлаш тўғрисидаги қарор ўтган йилнинг июл ойида Кремлда бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинган эди. Президент топшириғига кўра Мудофаа вазирлиги ўз лойиҳасини тайёрлади, кейин эса у Россия Денгиз коллегияси томонидан федерал идоралар ва ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилди», деди Патрушев.

«Тафсилотларни очиқламасдан шуни айтишим мумкинки, бундай стратегик режалаштириш ҳужжати замонавий тарихда биринчи марта қабул қилинди. Россиянинг дунёдаги энг йирик денгиз кучларидан бири сифатидаги мавқейи аста-секин тикланмоқда», — деди президент ёрдамчиси.

Патрушевнинг сўзларига кўра, ҳужжатда дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазият таҳлили, «қуролли тўқнашувларнинг юзага келиши ва характерининг эҳтимолий вариантлари, етакчи ҳарбий-денгиз кучларининг салоҳияти» баён этилган, шунингдек, Украинадаги уруш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда «денгиз флотининг ҳозирги ҳолати ва имкониятлари баҳоланган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид