Жаҳон | 21:41 / 01.07.2025
6206
2 дақиқада ўқилади

Британияда қотил-ҳамшира иши бўйича яна уч киши ҳибсга олинди

Полиция шифохона раҳбариятини жиноий бепарволик ва қўпол эҳтиётсизлик туфайли одам ўлимига сабаб бўлганликда гумонламоқда.

Фото: SWNS

Буюк Британиянинг Честер шаҳридаги Честер шифохонасининг уч нафар менежери ҳибсга олинди. Улар қўпол эҳтиётсизлик туфайли одам ўлимига сабаб бўлганликда гумонланмоқда.

Ҳибсга олинган менежерларнинг исмлари ошкор этилмади. Sky News хабарига кўра, ҳибслар шифохона раҳбариятининг жиноий бепарволиги бўйича тергов билан боғлиқ. Аввалроқ, Честер шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган Люси Летби камида 7 нафар чақалоқни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Шифохона раҳбариятига нисбатан жиноий бепарволик бўйича тергов 2023 йил октябр ойида, собиқ ҳамшира Люси Летби ҳукм қилинганидан икки ой ўтиб бошланган. Маҳаллий полиция бошлиғи Пол Хюз сўзларига кўра, тергов «шифохона раҳбарияти ва уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларига» қаратилган. Текширув шифохонада «ўлимлар сони кўпайганидан кейин раҳбариятнинг ҳаракатларида жиноят белгилари» бор ёки йўқлигини аниқлашдан иборат.

2025 йил март ойида тергов кенгайтирилиб, унга қўпол эҳтиётсизлик туфайли ўлимга сабаб бўлиш айблови ҳам қўшилган эди. Хюз ҳар икки йўналишда тергов ҳаракатлари давом этаётгани ва иш юритиш муддати белгиланмаганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 21 август куни Манчестер суди Честер шифохонаси неонатал бўлимининг 33 ёшли ҳамшираси Люси Летбини 15 та умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд хулосасига кўра, ҳамшира совуққонлик билан, «ваҳшийлик билан чегарадош ўта ёвуз тарзда» 7 нафар чақалоқни ўлдирган ва яна 8 нафарини ўлдиришга уринган.

Летби суд ҳукми устидан апелляция шикоятлари берди ва барчасини ютқазди. У 2024 йил январ ойидан бери жазони Англиядаги ягона хусусий аёллар қамоқхонаси бўлган Бронзефилдда ўтамоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид