Жаҳон | 13:30 / 01.07.2025
1689
2 дақиқада ўқилади

Украинада бир йилда Россия томонидан ёлланган 175 нафар ўсмир ушланди

2024 йил баҳоридан бери Украина Хавфсизлик хизмати жосуслик, ўт қўйиш ёки портлаш тайёрлаганлик учун 700 дан ортиқ одамни ҳибсга олди, улардан 175 нафари 18 ёшгача бўлганлар, деди СБУ матбуот котиби FT'га.

Фото: Украина Хавфсизлик хизмати

Британиянинг Financial Times газетаси 30 июн, душанба куни Киевдаги юқори мартабали амалдорларга таяниб ёзишича, Россия махсус хизматлари украиналик ўсмирларни, жумладан, етим болалар ва ички кўчирилганларни тизимли равишда ёлламоқда. 2024 йил баҳоридан бери Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) жосуслик, ўт қўйиш ва рус разведка агентлари томонидан масофадан ташкил этилган портлашларни тайёрлаш билан шуғулланган 700 дан ортиқ одамни ҳибсга олди, уларнинг 175 нафари ёки қарийб 25 фоизи 18 ёшгача бўлганлар, деди Украина хавфсизлик хизмати расмий вакили Артем Дехтяренко.

FT маълумотларига кўра, украиналик ёшлар Telegram, Discord, WhatsApp ёки Viber мессенжерлари орқали ёлланади ва уларга мураккаблигига қараб вазифаларни бажариш учун 100 доллардан 1000 долларгача таклиф қилинади. Улар орасида ҳарбий объектлар ёки ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини суратга олиш, портловчи моддаларни жойлаштириш, энергетика инфратузилмаси объектларига ёки чақирув марказларига ўт қўйиш бор. Шундай қилиб, ўтган ҳафта Харкивда 19 ёшли қиз ҳибсга олинди: у «Украина Қуролли кучларига» совға қилинган электросамокатга қўлбола бомба ўрнатганликда гумон қилинмоқда. Украина расмийларининг хабар беришича, портлаш оқибатида бир ҳарбий ҳалок бўлган, яна бири яраланган.

Россия махсус хизматлари томонидан ёлланганларнинг аксарияти онгли равишда ҳаракат қилган, бироқ баъзилари алдаш йўли билан жалб этилган, деди Дехтяренко. «Вояга етмаганлар ўз хатти-ҳаракатларининг оқибатларини олдиндан кўра олмайди, бу уларни Россия томонидан ёлланиш қаршисида айниқса заиф қилади», деди у.

СБУ маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида ёлловчилар ўз вазифаларини сезиларли даражада кучайтирди. Улар автомашиналар ва темирйўл трансформаторларидан тортиб, ҳарбий рўйхатга олиш бўлинмаларига ўт қўйишга, 2025 йил бошида эса «украиналикларни худкуш-террорчи сифатида ишлатишга» ўтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид