Жаҳон | 15:28 / 02.07.2025
1579
2 дақиқада ўқилади

Эрон ўз ядровий дастури бўйича ХАЭА билан ҳамкорликни тўхтатди

Энди Эрон ХАЭА вакилларига ўз ядровий объектларига киришга ва видеокузатув камераларини ўрнатишга рухсат бермайди.

Фото: Reuters

Эрон Халқаро атом энергияси бўйича агентлик (ХАЭА) билан ҳамкорликни тўхтатди. Бу ҳақдаги қонунни Эрон президенти Масъуд Пизишкиён имзолади.

Эроннинг ХАЭА билан ҳамкорликни тўхтатиб туриш ҳақидаги қонун лойиҳаси 25 июн куни Эрон парламенти томонидан, эртаси куни Эрон Конституцияси қўриқчилари кенгаши томонидан маъқулланди.

Энди Эрон ХАЭА директори Рафаэл Гроссига ўз ядровий объектларига ташриф буюришга ва видеокузатув камераларини ўрнатишга рухсат бермайди. Эрон буни ўз ядровий иншоотлари хавфсизлиги таъминланмагунча амалга оширишга ваъда берди.

Гросси сўзларига кўра, Исроил билан сўнгги кескинлашув вақтида Эрон ядровий инфратузилмаси қисман шикастланган, бироқ Теҳрон бир неча ой ичида уранни бойитиш салоҳиятини тиклашга қодир.

Эрон 1970 йилда Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган ва 1974 йилда ХАЭА билан шартнома имзолаган. 1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг, дастур музлатиб қўйилган, бироқ кейинчалик ядровий қурол яратиш борасида бир неча бор гумон қилинганига қарамай, қайта тикланган.

2003 йилда ХАЭА Теҳроннинг уранни бойитаётгани ҳақидаги фактларни ошкор қилди. Бу қўшимча протокол имзоланишига ва дастурнинг вақтинча қисқартирилишига олиб келди. Бироқ, бойитиш 2005 йилда қайта бошланди. Шундан сўнг, 2006 йилда Эронга қарши санкциялар жорий этилди.

2015 йилда Эрон ва олти етакчи давлат ядровий фаолиятга чекловлар эвазига санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолади. Қўшма Штатлар 2018 йилда келишувдан чиқди, шундан сўнг Теҳрон яна ядровий дастурини ривожлантиришни кучайтирди.

2021 йилдан бошлаб Эрон ХАЭА текширувларини чеклаб қўйди ва уранни қурол даражасига яқинлашадиган даражада бойитишни бошлади. АҚШ Эрон билан ядровий дастур бўйича музокараларни қайта тиклашга уринди, аммо уринишлар муваффақиятсиз тугади. 2025 йил июн ойида аввалига Исроил, кейин АҚШ Эроннинг ядро иншоотларига зарба берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид