Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва ресторанлари ўз менюларини арабчага таржима қилишни бошлади
Сўнгги вақтларда Форс кўрфази давлатларидан Россияга келаётган туристлар оқими бир неча баробарга ошган, бу эса умумий овқатланиш муассасаларини хорижлик меҳмонларга мослашишга ундамоқда.
Москва ресторанлари Яқин Шарқ ҳамда Африка давлатларидан туристларни жалб қилиш учун вивеска ва менюларини арабчага таржима қилишни бошлади. «Осторожно, новости» нашрининг ёзишича, Кутузов проспекти ва Неглинная кўчасидаги Il Forno муассасаларида арабча менюлар пайдо бўлган. «Камида бир ойдан бери ушбу версия мавжуд, араб давлатларидан келаётган туристлар оқими жуда катта», дея тушунтиради ресторан вакили. Москва вилоятидаги «Клёвий» ресторанига киришга ҳам минимал чек 3 минг рубл экани ҳақида араб тилида ёзилган огоҳлантириш табличкаси илиб қўйилган. Ходимларнинг сўзларига кўра, бу Яқин Шарқдан келадиган меҳмонлар ресторанни қўшни кафе билан адаштирмаслиги ва «битта чой айтиб, тўпланиб ўтирмаслиги» учун амалга оширилган.
Араб тилига таржима хизматларини кўрсатувчи гиднинг айтишича, сўнгги вақтларда Форс кўрфази давлатларидан келаётган туристлар оқими бир неча баробарга ошган, бу эса умумий овқатланиш муассасаларини хорижлик меҳмонларга мослашишга ундамоқда. «Москва, Сочи, Санкт-Петербург — улкан талаб. Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн, Кувайтдан дам олгани келишмоқда», дейди у. Шунингдек, Россияга нисбатан қашшоқ давлатлар, масалан, Мисрдан ишлашга келаётган фуқаролар ҳам бор.
Ўтган йил охирида Москва мэрияси Яқин Шарқ ва Африка давлатларидан туристларни жалб қилиш учун шаҳардаги барча ресторанлар менюсини арабчага таржима қилиш режасини эълон қилганди. Шу билан бирга, шаҳар ҳукумати муассасаларга бепул таржима борасида ёрдам таклиф қилган. «Тушунарлики, арабларнинг аксарияти инглизчани билади, аммо арабча уларга анча қулай», дейди ресторан танқидчиси Александр Сисоев.
Араб тили дунёда энг кенг тарқалган тиллардан бири ҳисобланади. У 24 та давлатда, жумладан, Жазоир, Миср, Марокаш, Ўмон, Тунис, Эритрея ва Исроилда (алоҳида мақомда) расмий тил ҳисобланади. Дунё бўйлаб араб тилида гаплашадиганлар сони 580 миллион кишини ташкил этади.
Мавзуга оид
10:53 / 20.01.2026
Паркентда 6-синф ўқувчиси араб тилидан B2 сертификатини қўлга киритди
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025