Жаҳон | 19:21 / 04.07.2025
3892
1 дақиқада ўқилади

Полша Жанубий Кореядан 180 та танк сотиб олади

Битим қиймати 6 млрд доллардан ортиқни ташкил этади. Танкларнинг 117 таси Жанубий Кореядаги заводда, қолганлари Полша корхоналарида ишлаб чиқарилади.

Фото: Reuters

Полша ва Жанубий Корея қурол етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Yonhap агентлигининг ёзишича, Сеул Варшавага 6 миллиард доллардан зиёдга 180 та K2 танкларини сотади.

Иккала давлат ҳукумати ҳам шартнома шартларини ошкор этмади. Маълумотларга кўра, 117 та танк Жанубий Кореядаги Hyundai Rotem заводида, қолганлари эса Полшадаги корхоналарда ишлаб чиқарилади.

«K2 танкларининг экспорти бўйича иккинчи битим Жанубий Корея ва Полшанинг қуролланиш соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорлигини тасдиқлайди», - дейди Жанубий Корея мудофаа вазири Сок Чон Гун.

Танклар савдоси бўйича битим Варшава ва Сеул ўртасида 2022 йилда имзоланган битимлар сериясининг давомидир. Полша ҳукумати Киевга ёрдам кўрсатиш харажатлари ортганидан сўнг, K9 ўзиюрар гаубицалари ва FA-50 ҳужумчи самолётларини ҳам сотиб олганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид