Ўзбекистон | 07:45 / 04.07.2025
4835
2 дақиқада ўқилади

Россияда вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга олиб келинди

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи ва бир нафар фарзанди Калининград—Москва—Тошкент йўналиши орқали бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонга қайтарилди.

Россияда вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Миграция агентлигининг РФдаги ваколатхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасига фуқаро И.Й.нинг вафот этгани ва марҳумнинг жасадини ватанга қайтаришда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаат келиб тушди.

Ваколатхона томонидан зудлик билан тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Марҳумнинг жасади, шунингдек, унинг турмуш ўртоғи ва бир нафар фарзанди Калининград—Москва—Тошкент йўналиши орқали бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонга қайтарилган.

«Миграция агентлиги фуқароларимизга чет элда ҳам муносиб ёрдам кўрсатиш, уларнинг муаммоларига бефарқ қолмаслик тамойилига содиқ қолган ҳолда, марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради ва зарур амалий ёрдамни кўрсатишда давом этади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Миграция агентлиги агар Ўзбекистон фуқароси хорижда вафот этган бўлса, Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан юртга олиб келинишини маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид