Ўзбекистон | 11:06 / 05.07.2025
1755
2 дақиқада ўқилади

Атирау-Тошкент йўналиши бўйича авиарейслар йўлга қўйилади

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Фото: Дунё

Оқтов шаҳридаги Бош консулхона ташаббуси билан Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда йирик туристик корхоналар, FlyArystan авиакомпанияси ва маҳаллий тадбиркорлар қатнашди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санатор-курортлар бош бошқармаси раҳбарияти, санаторийлар вакиллари, Ўзбекистон тиббиёт туризм уюшмаси, туристик корхоналар, "Дипсервис хизмати" ва Қозоғистон "Халқ банки" ва унинг Тошкентдаги "Тенге банки" раҳбарияти онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон туристик салоҳияти, маданий-тарихий мероси, янги тур йўналишлар ва хизматлар билан танишди.

Анжуман давомида икки мамлакат сайёҳлик компаниялари дуч келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. 

Қозоғистон фуқароларини Ўзбекистоннинг тиббиёт туризми имкониятларидан кенг фойдаланишга жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

FlyArystan авиакомпания вакиллари ўз чиқишида жорий йилнинг 15 июл санасидан бошлаб Атирау-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта авиарейслар йўлга қўйилишини маълум қилди. Бу Қозоғистондан Ўзбекистонга туристлар ва ишбилармон доиралар вакилларининг оқимини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид