Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан террорчи ташкилот мақомини олиб ташлади
Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио имзолаган ҳужжатга кўра, ушбу қарор «бош прокурор ва молия вазири билан маслаҳатлашувлардан кейин» қабул қилинган.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияда ҳокимият тепасига келган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳидан чет эл террорчилик ташкилоти мақомини олиб ташлади. Бу ҳақда Давлат департаменти ҳужжатига таяниб, Reuters хабар берди.
Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио томонидан имзоланган ҳужжатда қайд этилишича, ушбу қарор «бош прокурор ва молия вазири билан маслаҳатлашувлардан кейин» қабул қилинган.
Рубионинг қарори Доналд Трамп 1 июлдан бошлаб Сурияга қарши санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинди. Ўшанда Трамп «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» мақомини кўриб чиқишни топширган эди.
«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (Ҳш), ёки «Левантни озод этиш ташкилоти»га 2011 йилда асос солинган. Ўшанда у «Жабҳат ан-Нусра» (Ан-Нусра фронти) деб аталарди ва «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотининг тўғридан тўғри ҳамкори бўлган. 2016 йилда эса гуруҳ раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўланий террорчи ташкилот тамғасидан халос бўлиш учун ошкора тарзда «Ал-Қоида»дан ажралиб чиқиб, «Жабҳат ан-Нусра»ни тарқатиб юборган ва янги ташкилот тузган, орадан бир йил ўтиб ўзи каби кичик гуруҳлар билан бирлашган ҳолда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» номини олган.
Ташкилот етакчиларидан бири — Аҳмад аш-Шаръа (Муҳаммад ал-Жўланий) Суриянинг муваққат президенти ҳисобланади. Доналд Трамп 2025 йил май ойида Яқин Шарққа ташрифи давомида Аҳмад аш-Шаръа билан учрашган эди.