Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ расмийларида Жеффри Эпштейннинг «мижозлар рўйхати» йўқ – ОАВ
Шунингдек, унинг қамоқхонада ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам асоссиз экани таъкидланмоқда.
Фото: Getty images
АҚШ Адлия вазирлиги ва Федерал қидирув бюросида молиячи Жеффри Эпштейннинг «мижозлар рўйхати»ни юритгани, нуфузли шахсларни шантаж қилгани ва қамоқда ўлдирилганига оид ҳеч қандай далил йўқ, деб ёзди Axios.
АҚШ расмийлари, шунингдек, Эпштейннинг қамоқдаги камераси йўлагидан олинган видеотасвирларни эълон қилди, бу эса молиячининг ўлими арафасида олдига ҳеч ким кирмаганини кўрсатади. Видео, дейилади эслатмада, тиббий экспертизанинг Эпштейн ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хулосасини тасдиқлайди.
Axios нашрининг таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Эпштейн иши ва унинг ўлими билан боғлиқ фитна назарияларини биринчи марта расман рад этди.
Бу фитна назариялари Трампни қўллаб-қувватловчи MAGA ҳаракати аъзолари орасида машҳур, деб ёзди нашр. Бошқалар қатори, ўтмишда бу назарияларни ҳозирги ФҚБ раҳбари Кэш Пател ва унинг ўринбосари Дэн Бонгино ҳам тарқатган.
Трампнинг ўзи Эпштейн мижозлари ҳақидаги маълумотларни махфийликдан чиқаришга сайлов кампаниясидан олдин ва кейин ҳам ваъда берди. Унинг бир қисми йил бошида эълон қилинган, бироқ матбуотда «иш бўйича ҳеч қандай янги шов-шувли маълумотлар» жамоатчиликка тақдим этилмагани қайд этилган.
Энди Адлия вазирлиги ва ФҚБ Эпштейн билан боғлиқ бошқа материалларнинг «ошкор этилиши» «ўринли ёки асосли бўлмаслигини» таъкидламоқда, деб ёзди Axios.
Молиячи Жеффри Эпштейн жинсий эксплуатация қилиш мақсадида одам савдосида айбланган. Тергов маълумотларига кўра, тадбиркор вояга етмаган қизлардан жинсий алоқа хизматларини олиб, уларни нуфузли шахсларга «қарзга берган».
Эпштейнга 45 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солган эди. Миллиардер ўз айбини тан олмади. Молиячи 2019 йил 7 июлида қўлга олинди. Орадан бир ой ўтгач, 10 август куни тадбиркор Ню-Йорк қамоқхонаси камерасида ўз жонига қасд қилди.
2022 йилда молиячининг собиқ севгилиси ва ёрдамчиси Гислейн Максвелл 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У қизларни Эпштейн билан жинсий алоқа қилишга кўндирганликда айбдор деб топилди.
Аввалроқ, тадбиркор Илон Маск президент Доналд Трамп билан оммавий мунозара чоғида унинг номи Эпштейн иши билан боғлиқ ҳужжатларда борлигини айтди. У кўп ўтмай постни ўчириб ташлади ва «чегарадан чиқиб кетган» постларидан афсусда эканини айтди.
Мавзуга оид
01:22
АҚШ Украинага кўпроқ қурол етказиб беришни ваъда қилди – ОАВ
16:15 / 06.12.2025
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
15:44 / 06.12.2025
АҚШ ЕИ давлатларини Киевга Россия активлари ҳисобидан кредит бермасликка чақирди
15:10 / 06.12.2025