Жаҳон | 15:38 / 07.07.2025
2306
2 дақиқада ўқилади

Bild: Киев Германиядан миллиардлаб евролик қурол-яроғ сўраяпти

Украина Берлинга зарур бўлган қуролларнинг махфий рўйхатини берди, деб даъво қилмоқда Bild. Буларга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ҳимояланган транспорт воситалари ва РЭК ускуналари киради.

Фото: Chris Emil Janßen/picture alliance

Украина Россия тажовузига қарши мудофаасини давом эттириш учун Германияга Берлиндан олмоқчи бўлган қуроллар рўйхатини берди. Уларнинг умумий қиймати бир неча миллиард евро билан ўлчанади, деб ёзади Германиянинг Bild газетаси 6 июл, якшанба куни. Унинг таъкидлашича, Киевнинг рўйхати махфий бўлиб, уч тоифани қамраб олади: ҳаво мудофааси, ҳимояланган транспорт воситалари ва радиоэлектрон кураш. Хусусан, гап тўртта янги Iris-T ҳаво мудофаа тизими ҳақида боряпти. Бундан ташқари, Киев сўрови Iris-T SLM ўрта масофали ҳаво мудофаа тизими учун 1500 та бошқариладиган ракета ва Iris-T SLS қисқа масофали ҳаво мудофаа тизими учун 500 та бошқариладиган ракетага тегишли. Россия дронларидан ҳимояланиш учун Украина 200 мингта 40 мм калибрдаги зенит ўқ-дориларини олмоқчи. 

«Ҳимояланган транспорт воситалари» тоифасига минадан ҳимояланган 1000 та автомобил ва турли модификациядаги 200 та машиналар киради. Бундан ташқари, Украина Германия канцлери Фридрих Мерц ҳукуматидан миналарга чидамли 30 та танк ва 20-30 та Wisent минадан тозалаш зирҳли машинасини олмоқчи. Таҳририятда мавжуд экани тахмин қилинаётган рўйхатга кўра, Киев махсус топшириқли кучларни ташиш учун 200 та йўлтанламас ҳам сўраган.

Bild нашри хабарига кўра, Украина РЭК воситаларидан дронлардан ҳимояланиш учун 1000 та GPS-тўхтатувчини, шунингдек нишонларни кузатиш ва қайд этиш учун 200 та мобил ерусти радарларини олишга интилмоқда.

Журналистларнинг эслатишича, Мерц ҳукумати ҳокимиятга келганидан сўнг, Украинага Германиядан ҳарбий ёрдам етказиб бериш масаласи махфийлаштирилди — Берлин буни Кремл ушбу маълумотларни олмаслиги кераклиги билан тушунтирди. Ўз навбатида, танқидчилар бу қадам етказиб беришдаги кечикишларни ёки уларнинг йўқлигини яширишга қаратилган деб ҳисоблайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид