Жаҳон | 12:50 / 07.07.2025
2894
2 дақиқада ўқилади

Харкивда Россия дронлари зарбаларида 20 дан ортиқ киши жароҳатланди

Харкивнинг Шевченко ва Слободский туманларида Россия ҳужуми оқибатида камида 23 киши, жумладан, уч бола, уч ёшли қизча ҳам жароҳатланди.

Фото: Харкивнинг ҳарбий бошқармаси

Харкивда 7 июл, душанбага ўтар кечаси Россия дронининг ҳужуми натижасида камида 23 киши жабрланди, деб хабар бермоқда «Украинская правда» нашри. Бир нечта дронлар кўп қаватли турар жой биноларига келиб тегди. Шаҳарнинг Шевченко туманида 15 киши, жумладан, икки бола жароҳатланган. Харкивнинг Слободский туманида яна 8 жабрланган қайд этилди, улар орасида уч ёшли қиз ҳам бор, деб ёзди Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Синегубов 7 июл куни эрталаб Telegramʼдаги каналида.

«Ҳозирда уч нафар жабрланувчи шифохоналарга етказилган, улардан бири ёш бола», — деди Синегубов маҳаллий вақт билан соат тахминан 7:40 да. Воқеа жойида қутқарув ишлари давом этмоқда.

ВҲМ раҳбарининг сўзларига кўра, Харкивнинг Шевченко туманидаги кўп қаватли уйлардан бирига Россия учувчисиз учоғи урилгани натижасида 8-қаватда ёнғин содир бўлган. Аввалроқ Олег Синегубов худди шу ҳудудда 9-қаватда ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эди. Бу худди шу бино экани аниқлаштирилмаган.

Ўз навбатида, Харкив мэри Игор Терехов Telegram-каналида Слободский туманида зарбалар турар жой ҳудудига йўналтирилганини айтди. «Иккинчи ҳолатда улар фуқаролик объектини нишонга олган», — дея қўшимча қилди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид