Иқтисодиёт | 09:48 / 09.07.2025
1687
1 дақиқада ўқилади

Карачидан Тошкент ва Самарқандга карго парвозлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва мамлакат элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Карачи шаҳрига ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг TCS йирик транспорт-логистика ва курьерлик компанияси раҳбари Халид Аван билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада жадаллаштириш, ўзаро экспорт ва импорт ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

"Ўзбекистон раҳбарининг Марказий ва Жанубий Осиёни қайта боғлаш ташаббуси сўнгги 10 йилдаги стратегик аҳамиятга эга йирик минтақавий воқелик ҳисобланади. Икки минтақа халқлари манфаатига йўналтирилган лойиҳаларда иштирок этиш биз учун фахр", – деди Халид Аван.

Шунингдек, суҳбат чоғида Карачидан Тошкент ва Самарқандга карго парвозларни йўлга қўйиш дастури устида ишланаётгани, ички ташкилий масалалар ҳал қилиниши билан ушбу лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши маълум қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва TCS транспорт-логистика ва курьерлик компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид