Ўзбекистон | 15:26 / 09.07.2025
3876
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича тадқиқот олиб боради

Тадқиқот билан бир қаторда, рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичлари экспертизадан ўтказилади ва унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россияда рус тилини хорижда тарғиб қилиш бўйича тадқиқот ўтказилади, деб ёзди «Ведомости». 34,8 миллион рубллик тегишли тендерни Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ютиб олган.

Нашрнинг ёзишича, Ташқи ишлар вазирлиги топшириғи билан ВЦИОМ рус тилини хорижда, хусусан, Озарбойжон ва Ўзбекистонда тарғиб қилиш бўйича социологик тадқиқот ўтказади.

Рус тилини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги Венесуэла, Ҳиндистон, БАА ва Хитойда ҳам ўрганилади.

2024 йилда ВЦИОМ биринчи марта иш географиясини кенгайтириб, Исроил, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Куба ва Мисрда рус тилининг ҳолатини ўрганган эди.

Ҳар бир давлатда камида 1500 респондент онлайн сўровдан ва камида 1000 респондент телефон ва шахсий суҳбатлар орқали сўровдан ўтказилиши керак. Тадқиқотнинг ўзи билан бир қаторда, ВЦИОМ чет элда рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичларини экспертизадан ўтказиши ва кўрсатилган мамлакатларда унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши керак.

Имтиҳонни тилшунослик, халқаро алоқалар, маданиятшунослик ва оммавий ахборот воситалари соҳасидаги 10 нафар мутахассис олиб боради. Ташқи ишлар вазирлиги, «Россотрудничество», Таълим ва фан вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар чет элда рус тилини тарғиб қилиш билан шуғулланади.

«Россотрудничество» маълумотларига кўра, 2023 йил бўйича Марказий Осиёнинг барча давлатлари орасида Қозоғистон рус тилидаги мактаблар сони бўйича етакчилик қилмоқда – 3606 та. Ўзбекистонда таълим рус тилида олиб бориладиган 1 мингдан сал кўпроқ мактаб, жумладан аралаш мактаблар, Қирғизистонда – 751, Тожикистонда – 200, Туркманистонда – 71 мактаб мавжуд.

Аввалроқ, Озарбойжонда рус тилида таълим берувчи мактаблар босқичма-босқич ёпилиши ҳақида хабар берилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид