Ўзбекистон | 15:00 / 12.07.2025
1364
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Малайзия халқаро тан олинган ўқув дастурларини жорий этади

Мамлакат элчихонаси кўмагида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ҳамда Малайзиянинг Pine Hills International Schools мактаблар тармоғи мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашув давомида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ҳамда Малайзиянинг Pine Hills International Schools мактаблар тармоғи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжат халқаро Кембриж таълим дастуридан фойдаланиш, Кембриж тизими стандартлари ва мезонлари бўйича тажриба алмашиш, математика фани бўйича инглиз тилида масофавий ўқитишни ташкил этиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда таълим методологиялари ва педагогик инновациялар бўйича қўшма илмий семинар ва вебинарлар ўтказишни назарда тутади.

Шунингдек, 2026 йилда Pine Hills International Schools мактаблар тармоғи раҳбари ва жамоаси бошчилигидаги олий таълим муассасаларига тайёрланаётган юқори синф талабалари гуруҳининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

2001 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Малайзиядаги Pine Hills International Schools мактаблар тармоғи халқаро тан олинган Кембриж таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг 5 та филиалида ҳозирда 6 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид