Жаҳон | 22:05 / 13.07.2025
4869
2 дақиқада ўқилади

Испанияда мигрантлар ҳужуми сабаб тартибсизликлар бошланди

Торре-Пачеко шаҳрида мигрантларнинг кеска эркакка ҳужуми сабаб оммавий тартибсизликлар юзага келди. Полиция ҳужум иши бўйича бир кишини ҳибсга олди.

Фото: laverdad.es

Испаниянинг Мурция провинциясидаги Торре-Пачеко шаҳри кўчаларида икки кундан бери маҳаллий аҳоли ва мигрантлар ўртасида тўқнашувлар юз бермоқда. La Verdad’нинг ёзишича, шаҳардаги вазият «порохли бочка»ни ёдга соляпти.

EFE маълумотларига кўра, тўқнашувлар оқибатида камида беш киши жароҳат олган, уларнинг уч нафари шифохонага етказилган.

Тартибсизликлар 11 июл куни бошланган ва унда 500 га яқин одам иштирок этган. Норозилик намойишига эрталаб ўз уйи атрофида айланиб юрган 68 ёшли эркакка уюштирилган ҳужум сабаб бўлган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, унга бир нечта шахс ҳужум қилган — улар марокашликлар экани тахмин қилинмоқда. Эркакнинг айтишича, барчаси тез ва огоҳлантиришсиз рўй берган. «Улар бошқа тилда гаплашишди. Агар улар «соатингни бер» ёки шунга ўхшаш бирор гап айтганида, мен тушунардим. Аммо улар ҳеч нарса демади», — дейди жабрланувчи эркак.

Мигрантларга қарши намойишлар 12 июл кечқурун ҳам давом этди. Ҳукуматнинг Мурциядаги вакили Мариола Геваранинг маълум қилишича, айни вақтда полиция ҳужум иши бўйича бир кишини ҳибсга олган. У тергов якунида ҳибсга олинадиган сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

El Pais’нинг қайд этишича, радикаллар кекса эркак билан юз берган воқеани мигрантлар билан боғлиқ жиноят ва зўравонлик ўсиб бораётганига боғлаши ва ҳукуматни кўчаларда хавфсизликни таъминлай олмаётганликда айблаши мумкин. Торре-Пачеко мери Педро Анхел Роканинг маълум қилишича, намойишларда шаҳар аҳолиси бўлмаган, атайлаб вазиятни мураккаблаштириш учун келган одамлар ҳам иштирок этмоқда.

Мурция раҳбари Фернандо Лобес Мирас ҳужумга алоқадор барча жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид