Жаҳон | 18:30
1325
4 дақиқада ўқилади

Шимолий Ирландияда мигрантларга қарши намойишлар ўтказилди

Бунга суданлик муҳожир маҳаллий аҳоли вакилига ҳужум қилиши сабаб бўлди. Ниқоб таққан одамлар уйларга ўт қўйишган ва «Хорижликлар йўқолсин!» дея ҳайқиришган.

Белфаст, 8 июн. Фото: PA / AP / Scanpix / LETA

Шимолий Ирландия пойтахти Белфаст шаҳрида оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди – бунга Судандан келган муҳожир маҳаллий аҳоли вакилига қилган ҳужум сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода пичоқ билан қуролланган қора танли шахс ўз қурбони устига чиқиб олиб, уни сўйиб ташлаш билан таҳдид қилаётгани акс этган. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер буни «даҳшатга солувчи» ҳужум деб атади.

Ҳужум қилган шахс – 30 ёшли Ҳоди Алодид – қўлга олинган, чоршанба куни суд унга қотилликка уриниш, тиббиёт ходимига ўлим билан таҳдид қилиш ва жамоат жойида пичоқ олиб юриш бўйича айблов қўйди. Алодид – Судандан бўлиб, 2023 йил февралида аввалига Париждан Дублинга учган, кейин эса Ирландия билан чегара орқали Шимолий Ирландияга кириб келган. У сиёсий бошпана сўраган ва Буюк Британияда 2028 йилгача қолишга рухсат олган.

Жабрланувчи – 40 ёшли Стивен Огилви – юзи, бўйни ва елкасидаги жароҳатлар билан шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Суд мажлисида у чап кўзидан айрилгани маълум қилинди.

Британия нашрлари ёзишича, ҳужум қилган ва ҳужумга учраган қўшнилар бўлишган. Алодиднинг мотивлари ҳозирча маълум эмас.

Судда Алодид таржимон орқали саволларга жавоб қайтарди. У ўзига қўйилган айблов юзасидан эътироз билдирмаган. Иш бўйича кейинги суд мажлиси 8 июлга белгиланган, унгача Алодид ҳибсда қолади, суд унинг гаров эвазига озодликка чиқиш имкониятини истисно қилган.

Ҳужум вақти олинган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, ўнг активист Томми Робинсон Белфаст аҳолисини намойишларга ундади. 9 июн куни кечқурун ниқоб таққан юзлаб кишилар шаҳар кўчаларига чиқиб, автомобиллар, автобуслар, чиқинди идишларини ёқишди, витриналарни синдиришди, уйларга ўт қўйишди, шунингдек, баррикадалар ўрнатиб, йўлларни тўсиб қўйишди. Намойишлар туфайли метро фаолияти тўхтаб қолди. Белфаст ўт ўчириш хизматига кўра, 10 июнга ўтар кечаси шаҳарнинг турли қисмларидаги ёнғинларни ўчириш учун 62 марта ўт ўчириш бригадалари юборилган.

Peter Morrison / AP / Scanpix / LETA
Paul Faith / AFP / Scanpix / LETA

«Хорижликлар йўқолсин!» дея ҳайқирмоқда намойиш иштирокчилари. Белфастда яшовчиларнинг бир қисми ўз хавфсизлиги учун уйларини тарк этишга мажбур бўлишган.

Шимолий Ирландиянинг бошқа шаҳарлари, жумладан, Лондондерри, Антрим ва Бангорда ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтган.

Намойиш иштирокчиларининг кўпчилиги ўсмирлар эди
Charles McQuillan / Getty Images
AFP via Getty Images

Шимолий Ирландиянинг бешта йирик партияси етакчилари зўравонликни тўхтатишга ва одил судловга воқеани ўрганиш имконини беришга чақирди. Шимолий Ирландия полицияси аҳолидан хотиржамликни сақлашни ва ўз норозилигини тинч йўл билан билдиришни сўради.

Шимолий Ирландия полицияси тартибсизликлар иштирокчилари аниқланиши ва жавобга тортилишини ваъда қилган.

«Сиз гувоҳ бўлаётган воқеалар – ирқчилик асосидаги погромдир», – дея Белфастдаги вазиятга таъриф беради Британия парламентига Шимолий Ирландиядан сайланган депутат Клэр Ҳанна. Шу билан бирга, у «даҳшатли» ҳужум видеоси «тушунарли сабабларга кўра» Белфаст аҳолисида «нафрат ва шок» уйғотганини қайд этган.

Getty Images

Белфастдаги тартибсизликлар Саутҳемптондаги намойишлардан бир ҳафта ўтиб содир бўлди – ўшанда 18 ёшли талаба Генри Новак ўлдирилиши ортидан одамлар кўчага чиққанди. Унга асли ҳиндистонлик бўлган 23 ёшли Викрам Дигва бир неча бор пичоқ билан зарба берган. Воқеа жойига етиб келган полициячилар Дигвани ирқчилик руҳидаги жиноят қурбони деб ҳисоблашган ва оғир аҳволда ётган Новакни ҳибсга олишган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид