Жаҳон | 08:42 / 15.07.2025
3594
2 дақиқада ўқилади

Россияда яна бир ҳарбий-денгиз паради бекор қилинди

Владивостокда Ҳарбий-денгиз флоти куни кемалар парадисиз ўтказилади. Санкт-Петербургдаги парад бекор қилингани ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмади.

Фото: Тинч океан флоти ансамбли

Бу йил Владивостокда Ҳарбий-денгиз флоти куни кемалар парадисиз ўтказилади. Тинч океан флоти ансамбли матбуот хизматининг хабар беришича, байрам «барибир ёрқин бўлади». Дастурда гулчамбарлар қўйиш ва Тинч океан флоти ижодий гуруҳлари иштирокида концерт намойиш этилади.

Россияда Ҳарбий-денгиз флоти куни июл ойининг сўнгги якшанбасида нишонланади ва 2025 йилда у 27 июлга тўғри келади. Ҳарбий кемалар парадлари 1939 йилдан бери ҳар йили ўтказилади, Иккинчи жаҳон уруши (1941-1945) бундан мустасно. 2024 йилда Санкт-Петербургда параднинг Кронштадтда бўлиб ўтадиган қисми ҳаво ҳужуми хавфи туфайли бекор қилинган эди. Шимолий флот кемалари Санкт-Петербургга етиб борган, бироқ параддан бир неча кун олдин улар базага қайтган.

Санкт-Петербургда Ҳарбий-денгиз флоти кунида режалаштирилган асосий денгиз парадини ўтказиш билан боғлиқ вазият ноаниқлигича қолмоқда. Россиянинг қатор оммавий ахборот воситаларидаги унинг бекор қилингани ҳақидаги хабарлар ҳали расман тасдиқланмаган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков брифингда тегишли саволга шундай жавоб берди: «Биз сизга байрам доирасида қандай тадбирлар бўлиб ўтиши ҳақида ўз вақтида хабар берамиз».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид