Жаҳон | 07:29 / 19.07.2025
2675
2 дақиқада ўқилади

НАТО: Patriot'ни Украинада тезкор жойлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда

НАТО қўмондони генерал Гринкевичнинг сўзларига кўра, Patriot'ни жойлаштириш Германия билан яқиндан мувофиқлаштирилмоқда. Германия Мудофаа вазирлиги ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг Украинага етказилганини ҳозирча тасдиқлай олмайди.

Фото: REUTERS

НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучларига раҳбарлик қилаётган АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-лейтенанти Алексус Гринкевич Украинага қўшимча Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тезкорлик билан топширишга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.

Гринкевич Германиянинг Висбаден шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда: «Тайёргарлик қизғин кетмоқда, биз Patriot тизимларини топшириш масаласида Германия билан жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Менга имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш кўрсатмаси берилди», - деди.

Германия Мудофаа вазирлиги вакили бир кун аввал Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг таркибий қисмлари Германиядан Украинага жўнатилгани ёки йўқлигини «билмаслигини» айтди. «Мен ҳозирда бирор нарса йўлда эканлигини тасдиқлай олмайман», деди у.

Германия ТИВ вакилининг айтишича, 21 июл куни Украина мудофааси бўйича Рамштайн форматидаги алоқа гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтади, унда Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун зарур бўлган Patriot зенит-ракета комплексларини Украинага етказиб беришни тезлаштириш вариантлари муҳокама қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид