Жаҳон | 12:29 / 21.07.2025
1880
3 дақиқада ўқилади

Лондон Киевни қуроллантириш бўйича «50 кунлик кампания»га чақиради

Украина мудофааси бўйича «Рамштайн» форматида бўлиб ўтадиган контакт гуруҳи йиғилишида Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари «Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш» учун Киевга ҳарбий ёрдамни оширишга чақирмоқчи.

Фото: Stefan Rousseau/PA

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили Украина мудофааси бўйича контакт гуруҳининг «Рамштайн» форматида бўлажак йиғилишида унинг иштирокчиларини Киевга ҳарбий ёрдамни жадал ошириш учун «50 кунлик кампания»га чақириш ниятида. Бу ҳақда 21 июл, душанбага ўтар кечаси Буюк Британия Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб, The Telegraph нашри хабар берди. «Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи аъзолари сифатида биз Украинани жанг майдонида қуроллантириш ва Путинни музокаралар столига ўтириш учун «50 кунлик кампания»ни ўтказишимиз керак», деди йиғилишга тўртинчи марта ва немис ҳамкасби Борис Писториус билан учинчи марта раислик қиладиган Хили баёнотда.

The Telegraph нашрининг ёзишича, 21 июл куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Лондон ва Берлин Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун кўп сонли ракета сотиб олиш бўйича қарор қабул қилади. Британия томони учун етказиб беришлар 2025 йилда Украина учун ҳаво мудофааси ва артиллерия ўқ-дорилари учун 700 миллион фунт стерлинг (тахминан 800 миллион евро) ва Россияга қарши мудофаа урушини тўртинчи йил давом эттираётган мамлакатга кўпроқ учувчисиз учоқларни етказиб бериш учун бошқа маблағ сарфлаш мажбуриятининг бир қисмидир.

14 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп агар яқин 50 кун ичида Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилмаса, Қўшма Штатлар Россиянинг савдо ҳамкорларига 100 фоизлик иккиламчи божлар жорий этишини маълум қилган эди. Бундан ташқари, Трамп Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан Patriot тизимлари ҳамда катта миқдордаги қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий техникаларни биргаликда етказиб беришга ваъда берди.

Бир неча кун аввал Трамп «Путиндан ҳафсаласи пир бўлганини» тан олди ва бир неча ой олдин у билан келишувга эришишга умид қилганди. Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, Украинадаги тинчлик музокараларида, жумладан, у билан Россия президенти ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларда ҳамон «доимий мулоқот» ҳукм сурмоқда. «Кейин эса ракеталар Киевга учиб, одамларни ўлдиради», деди Трамп.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид