Ўзбекистон | 14:05 / 23.07.2025
2469
2 дақиқада ўқилади

Меҳнатни муҳофаза қилиш тизимига халқаро стандартлар жорий этилмоқда

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Фото: Getty images

Президентнинг "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенцияси (Женева, 1981 йил 22 июн) қоидаларини миллий қонунчиликка жорий (имплементация) қилиш вазифаси белгиланган.

Ҳужжат билан Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди, у қуйидагиларни назарда тутади:

  • ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини режалаштириш, ташкил этиш, фаолият кўрсатиш, юритиш ва такомиллаштириш тартиби;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш самарадорлигини баҳолаш, касбий (меҳнат) хавфларни бошқариш ва уларни аниқлаш.

Меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси бўйича ўқитиш;
  • ишларни хавфсиз бажариш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш;
  • иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;
  • хавфли омилларни аниқлаш, касбий хавфларни баҳолаш ва бошқариш;
  • ходимларнинг соғлиғи ҳолатини назорат қилиш;
  • ходимларни якка тартибдаги ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
  • меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар бериш;
  • иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш;
  • касб касалликлари профилактикаси;
  • пудратчи ташкилотлар томонидан ишларнинг хавфсиз бажарилишини назорат қилиш.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги тизимининг ички аудити иш берувчининг қарорига кўра меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати (муҳандиси) томонидан амалга оширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид