Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда бир йил ичида депортациялар сони сезиларли даражада ошди
Германия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдан муҳожирларни чиқариб юбориш ҳолатлари сезиларли даражада ошгани ҳақида хабар берди. «Германия учун муқобил» партиясининг ўнг популистлари чиқариб юборилиши мумкин бўлган муҳожирларни изчил депортация қилишга чақирди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Германиядан депортация қилинган мигрантлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошган. «2025 йилнинг январидан июнигача 11 807 киши депортация қилинди», — дея 25 июл, жума куни Германия Ички ишлар вазирлигининг ўта ўнг «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясидан парламент аъзоси Лейф-Эрик Холмнинг парламент сўровига жавобини келтирган AFP.
2024 йил август ойидаги маълумотларга кўра, ўтган йилнинг биринчи олти ойида Германиядан 9465 нафар муҳожир чиқариб юборилган. Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) вакили Александр Добриндт бошчилигидаги Ички ишлар вазирлигининг янги маълумотларига кўра, бутун 2024 йилда Германиядан 20 084 киши депортация қилинган. Ўша пайтда Германия ички ишлар вазири лавозимини социал-демократ Нэнси Фезер эгаллаган. Май ойида лавозимга киришгач, Добриндт миграция сиёсатини кучайтириш, жумладан, депортациялар сонини ошириш ниятида эканлигини маълум қилди.
ГуМдан депутат Холм AFP агентлигига берган интервюсида Германия ҳукуматини чегарага киритишдан бош тортиш ва ундан кейин депортация қилиш амалиётини сезиларли даражада кенгайтиришга чақирди. Ўта ўнг партиядан бўлган депутат, шунингдек, «депортация қилинадиган одамлар яшириниб қоладиган ҳолатларнинг олдини олиш учун депортация марказларини зудлик билан ташкил этиш зарурлигини» таъкидлади.
Аввалроқ учинчи мамлакатларда депортация марказларини яратиш ғоясини Александр Добриндтнинг ўзи ҳам таклиф қилган эди. 22 июл куни Копенҳагенда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ички ишлар вазирларининг норасмий учрашуви чоғида у бу ёндашувни «инновацион» ва «мутлақо зарур» деб атади.
Мавзуга оид
12:04
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
10:05 / 17.06.2026