Жаҳон | 23:20 / 30.07.2025
3242
1 дақиқада ўқилади

Туркияда мигрантларнинг ноқонуний бандлигига қарши чоралар кучайтирилди

Мигрантларни ишлаш учун рухсатномасиз жалб қилган иш берувчиларга қўшимча мажбуриятлар юкланди.

Фото: Kun.uz

Туркияда 23 июлдан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган янги регламент кучга кирди. Ҳужжат мигрантларни ишлаш учун рухсатномасиз жалб қилган иш берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтиради.

Янги қоидага кўра, иш берувчилар уларни депортация қилиш билан боғлиқ барча харажатларни, жумладан, таъминот, турар жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва репатриацияни ўз зиммаларига олади. Бундан ташқари, агар чет эллик оила аъзолари билан бирга ҳибсга олинса, иш берувчи уларнинг харажатларини ҳам тўлайди.

Депортация тезлаштирилган тартибда амалга оширилади. Шу билан бирга, иш берувчилардан ходимлар ва уларнинг оилаларини депортация марказларида уч ойгача муддатда сақлаш учун компенсация ундирилади. Суткалик харажатлар миқдорини миграция бошқармаси белгилайди.

Таъкидланишича, ушбу чора яширин бандлик ва рўйхатдан ўтмаган миграцияга қарши қаратилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид