Ўзбекистон | 07:49 / 01.08.2025
1850
2 дақиқада ўқилади

In vitro кўчатларини сотиб олишга субсидия ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан In vitro шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:

  • мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган in vitro шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева ва ток кўчатларини сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун аризалар бериш ва уларни кўриб чиқиш;
  • пайвандтагли мева ва ток кўчатларини сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш;
  • пайвандтагли мева ва ток кўчатларини парваришлаш мажбуриятларини бажарилишини назорат қилиш.

Субсидиялар Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда ажратилади:

  • мувофиқлик сертификати (ихтиёрий) мавжуд бўлган «in vitro» шароитида кўпайтирилган пайвандтагли мева дарахтларини сотиб олиш қийматининг 50 фоизи янги интенсив боғ барпо этган ва уларни дала четларига, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига эккан талабгорга, лекин битта пайвандтагли мева дарахтига 25 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
  • мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган данаксиз ва янги ток навларига 7,5 минг сўм ва маҳаллий ток кўчатларига 2 минг сўмдан ошмаган миқдорда.

Маълумот учун: in vitro (лот. — «шиша ичида») — «пробиркада», яъни сунъий шароитларда, организм ёки табиий муҳитдан ташқарида ўтказиладиган тажрибаларни англатувчи атама.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид