Ўзбекистон | 14:47 / 02.08.2025
6130
2 дақиқада ўқилади

Хивада хусусий боғча раҳбари болага жароҳат етказди

У тайёрлов гуруҳидаги болани шеър ёдлаб келмагани учун елкасидан қаттиқ сиқиб, тан жароҳати етказган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Иллюстратив фото: Kun.uz

Хива туманида хусусий боғча раҳбари болага зўравонлик қилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни Хоразм вилояти ММТБ тасдиқлади.

Қайд этилишича, воқеа 29 июл куни рўй берган. Боғча раҳбари Ж.М. тайёрлов гуруҳига рус тили фанидан қатнашиб юрган У.Ш.ни шеърни ёдлаб келмагани учун унинг чап елка соҳасини қўли билан қаттиқ сиқиб, тан жароҳати етказган.

Боланинг яқинлари туман ИИБга мурожаат қилган ва ҳолат ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари иштирокида муҳокама қилинган. Айни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Мазкур воқеа бўйича тегишли ҳуқуқий баҳо бериш, бола ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қиламиз.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган”, – дейилади ММТБ ахборотида.

Аввалроқ Ғиждувонда болаларни калтаклаган тарбиячи ишдан олинган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид