Жаҳон | 09:35 / 06.08.2025
1674
2 дақиқада ўқилади

Россияда йил бошидан буён 99 нафар топ-амалдор коррупцияда айбланди

«Новая газета Европа» ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилда мансабдор шахсларга нисбатан коррупция бўйича жиноят ишлари сони рекорд даражага яқинлашмоқда.

Фото: Юрий Кочетков / EPA

2025 йил бошидан бери Россияда камида 99 депутат ва юқори мартабали амалдорга нисбатан коррупция айблови бўйича жиноий таъқиблар бошланган, деб ҳисоблайди «Новая газета Европа». Газетанинг хабар беришича, бир йилдан камроқ вақт ичида жиноят ишлари сони 2024 йил (122 та ҳолат) кўрсаткичларига яқинлашиб қолди ва бутун 2021 йилга нисбатан (53 та ҳолат) деярли икки баравар кўп.

«Новая газета Европа» ўз ҳисоб-китобларида федерал ва минтақавий вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ўринбосарларидан паст бўлмаган мансабдор шахсларга, шунингдек, вилоятлар пойтахтлари мэрлари ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан жиноий ишларни ҳисобга олди. Маълум бўлишича, уларга нисбатан ҳар ойда ўртача 14 та жиноят иши қўзғатилади.

Шу билан бирга, журналистлар фақат депутатлар ва мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилишини ҳисобга олган, давлат корхоналари ва давлат муассасалари раҳбарлари эса ҳисоб-китобларга киритилмаган. Идора мансабдор шахслари орасида энг кўп жиноий ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан очилган – жиноий ишларнинг 28 фоизи. Кейинги ўринларда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги – 18 фоиз, иқтисодиёт ва саноат – 11 фоиз, транспорт ва атроф-муҳитни бошқариш – ҳар бири 8 фоиз.

Охирги 10,5 йил ичида юқори мартабали амалдорлар ҳибсга олинишининг деярли ярми Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери 3,5 йил ичида содир бўлган. Шу билан бирга, энг юқори даражадаги ҳибсга олинган федерал амалдорлар сони — вазирлардан тортиб департамент бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларигача — урушдан олдинги кўрсаткичлардан ошиб кетди, деб ҳисоблайди "Новая газета Европа".

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид