Жаҳон | 07:57 / 09.08.2025
3034
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти ОАВ тўғрисидаги баҳсли қонунни имзолади

Қирғизистон президенти Жапаров ОАВ тўғрисидаги қонунни имзолади, у, масалан, барча рақамли платформаларни ОАВ сифатида мажбурий рўйхатдан ўтказишни жорий қилади. Шунингдек, у хорижликларга маҳаллий медиа компанияларнинг 35 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилишни тақиқлайди.

Фото: president.kg

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунни имзолади, у, хусусан, чет элликларга маҳаллий медиа компанияларнинг 35 фоиздан ортиқ акцияларига эгалик қилиш ва уларни бошқаришни тақиқлайди. Ҳужжат қабул қилинганлиги ҳақидаги хабар давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

Чет элликлар учун чекловлардан ташқари, қонун, хусусан, қуйидагиларни назарда тутади:

  • барча рақамли платформаларни, шу жумладан веб-сайтлар ва блогларни оммавий ахборот воситаси (ОАВ) сифатида Адлия вазирлигининг махсус реестрида мажбурий рўйхатдан ўтказиш;
  • оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини тугатиш тартибини белгилаш бўйича вазирлар маҳкамасининг мутлақ ваколатлари;
  • мансабдор шахсларнинг оммавий ахборот воситалари фаолиятига аралашувини истисно қилган ҳолда, «цензурани қатъий тақиқлаш»;
  • оммавий ахборот воситаларининг ахборот манбасини сир сақлаш ҳуқуқи, тегишли ишни кўраётган суддан сўров келиб тушган ҳоллар бундан мустасно.

Расмийларга кўра, янгилик оммавий ахборот воситалари соҳасидаги «қонунчиликни такомиллаштириш», шунингдек, мамлакатда «мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли» оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши учун шарт-шароит яратишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид