Аёллар дунёси | 09:04 / 13.08.2025
4916
2 дақиқада ўқилади

Аёлларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари 121 фоизга ошгани маълум бўлди

Сенат муаммо юзасидан тушунтириш сўраб, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига сўров юборди.

Фото: Getty Images

2025 йил биринчи ярмида мамлакатда аёлларга нисбатан 48303 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир. Масала юзасидан Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар,маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М.Кадирханова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова номига сенатор сўрови юборди.

Қайд қилинишича, сўров хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган. Сенатор таъкидлаганидек, қабул қилинган қонунлар ва чораларига қарамай, сўнгги йилларда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ошиб бормоқда.

Таъкидланишича, тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ энг кўп ҳолат Тошкент вилоятида (9414 та), Бухоро (5612 та), Қашқадарё (5268 та) ва Андижон вилоятларида (4808 та) қайд этилган. Шу даврда 930 нафар аёлга ҳимоя ордери такроран берилган.

Сенатор сўровида қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тазйиқ ва зўравонликка олиб келувчи сабабларни аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш сўралган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид