Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш: алгоритмлар миямизни қандай бошқаради?
Ҳар сафар телефонни қўлга олаётганда “атиги беш дақиқа фойдаланаман” деб мақсад қўясиз. Аммо гаджетга термилиб, ярим, ҳатто бир соатни қандай ўтказиб юборганингизни сезмай қоласиз. Мазкур ҳолат одатий чалғиш эмас, бу – миянгиз учун моҳирона ишлаб чиқилган психологик ва технологик тузоқ. Ижтимоий тармоқлар “чексиз айлантириш”, “автоматик бошланиш” ва шахсийлаштирилган тавсиялар орқали сизни виртуал дунёда узоқроқ ушлаб қолади. Ҳар сафар янги пост ёки видео кўрганингизда миянгиз “яна бир марта” деган мукофот сигналини олади. Натижада экрандан узоқлашгингиз келмайди ва тармоқдаги контентларни қанча узоқ томоша қилсангиз ҳам зерикмайсиз.
Онлайн платформалар кўнгилочар майдон ва ахборот олиш воситаси бўлишдан ташқари, улкан бизнес индустрияга ҳам айланди. Мазкур платформаларнинг асосий мақсадларидан бири фойдаланувчиларни иложи борича кўпроқ вақт давомида ушлаб қолишдир.
Бунинг учун ижтимоий медиа компаниялари неврология, психология ва сунъий интеллект тадқиқотларидан фойдаланган ҳолда, диққатни бошқарадиган кучли алгоритмлар ва дизайн механизмларини ишлаб чиқмоқда:
- “Infinite scrool” (чексиз айлантириш): фойдаланувчи экранни пастга силжитгани сари янгидан янги контент чиқиб келаверади ва бу оқим тугамайди, чексиз давом этади. Бу – мияга “кейинги пост қизиқроқ бўлиши мумкин” деган кутиш ҳиссини беради. Натижада одам экран олдида режа қилганидан анча кўпроқ вақт ўтказади.
- “Autoplay” (автоматик бошланиш): видео тугаши билан кейингиси автоматик тарзда бошланади. Бир видеони кўриб бўлган одам танаффус қилишга улгурмасданоқ кейинги контентга шўнғийди, янги видео танлаш ҳақида ўйламайди. Бу эса “яна бир марта кўрай” деган одатни шакллантиради. Мазкур механизмлар инсонни доимий равишда янгилик излашга мажбур қилади ва эътиборни жамлаш қобилиятини заифлаштириб, телефонга қарамликни оширади.
- Контентни шахсийлаштириш: ижтимоий тармоқларга интеграция қилинган сунъий интеллект алгоритмлари фойдаланувчининг ҳаракатларини кузатиб, унинг қизиқишига мос контентни кўрсатади, ушбу алгоритм одамни платформага янада боғлаб қўяди.
Ижтимоий тармоққа муккасидан кетиш нафақат руҳий, балки жисмоний саломатликка ҳам жиддий зарар етказади. Доимий билдиришномалар ва “янгиликларни ўтказиб юбориш қўрқуви” (FOMO) асаб тизимини зўриқтириб, инсонда стресс ва ташвиш ҳиссини кучайтиради. Бошқаларнинг “идеал” ҳаётини кузатиш эса ўзини уларга солиштиришга, натижада ўзидан норозилик ва тушкунлик ҳолатларининг ортишига олиб келади. Чексиз контент оқими мияни тез-тез чалғитиб, бир ишга узоқ эътибор қаратиш қобилиятини пасайтиради.
Жисмоний жиҳатдан ҳам салбий оқибатлар кам эмас. Экран қаршисида узоқ ўтириш кўзларда қуруқлик, хиралашиш ва чарчоқ келтириб чиқаради. Ётишдан олдин телефон ишлатиш мияда мелатонин ишлаб чиқарилишини камайтиради ва бу уйқу сифатига салбий таъсир қилади. Ҳаракат етишмаслиги эса қон айланишини секинлаштириб, бўйин, елка ва бел оғриқларини кучайтиради.
Бундан ташқари, тармоқларга ҳаддан ташқари боғланиш реал ҳаётдаги мулоқотларни камайтиради. Юзма-юз суҳбатлар ўрнини виртуал алоқа эгаллайди, оқибатда инсоний алоқалар саёзлашади.
Ижтимоий тармоқларга кучли боғланишнинг олдини олиш учун, энг аввало, фойдаланиш вақтини назорат қилиш зарур. Телефон ёки платформадаги Screen time ёки Digital wellbeing функцияларидан фойдаланиб, кунлик аниқ лимит белгиланг. Муҳим бўлмаган билдиришномаларни ўчириб, доимий “like” ва “comment” хабарномаларининг диққатни чалғитишига йўл қўйманг. Тармоқларга кириш учун куннинг фақат белгиланган вақтларини ажратинг, ётишдан камида бир соат олдин эса телефондан бутунлай узоқлашинг.
Виртуал дунё ўрнини босадиган реал фаолиятлар топинг: спорт, китоб ўқиш, янги кўникмалар ўрганиш ёки дўстлар билан жонли мулоқот. Ҳафтада камида бир кунни “рақамли детокс” сифатида ўтказиш, яъни ижтимоий тармоқлардан бутунлай узилиб, фақат реал ҳаётга эътибор қаратиш ҳам руҳий саломатлик ва диққатни жамлаш учун фойдалидир.
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид
10:40 / 12.04.2026
Ижтимоий тармоқ ва болалар. Кимга фойда, кимга зарар?
23:08 / 23.02.2026
Ижтимоий тармоқлардаги «дипфейк» фирибгарликлар рекорд даражага етди
09:45 / 12.12.2025
Ижтимоий тармоқларда МИБ номидан келаётган хабарлар фейк экани айтилди
18:15 / 24.11.2025