Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«ПСЖ» камбэк амалга оширди ва Суперкубокни қўлга киритди
Таътилдан бир ҳафта олдин қайтган парижликлар «Тоттенҳэм»дан 2 гол ўтказиб юборишганди, сўнгги дақиқаларда ҳисоб тенглаштирилди ва ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди.
Фото: Getty Images
УЕФА Суперкубоги
«ПСЖ» – «Тоттенҳэм» 2:2 (пен: 4:3 )
Голлар: Ин 85, Рамуш 90+4 – Ван де Вен 39, Ромеро 48
«ПСЖ» – Шевале, Ҳакими, Маркиниос, Пачо, Мендеш, Заир-Эмери (Ли Кан Ин, 68), Витиня, Дуэ (Рамуш, 77), Барколя, Дембеле, Хвича (Руис, 60)
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, Дансо, ван де Вен, Палиния, Бентакур, Сарр, Қудус (Тел, 79), Ришарлисон (Соланке, 72), Спенс.
Огоҳлантиришлар: Барколя 55, Пачо 58, Дембеле 90 – Ришарлисон 53, Дансо 62.
«Тоттенҳэм» ва «ПСЖ» бунга қадар ҳеч қачон Суперкубокни қўлга киритмаганди. Ўйиндан олдин кўпчилик парижликларни яққол фаворит сифатида кўраётганди, лекин амалда ўйин кутилмаган сценарийда кечди. «ПСЖ» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин Лондоннинг яна бир жамоасига қарши титул учун яна бир оғир учрашув ўтказди, аммо якунда барибир кубокни ўзиники қилди.
Икки жамоа ҳам бошланғич таркиби билан ажаблантирди. «ПСЖ» ҳужум чизиғида Хвича, Дембеле ва Дуэдан ташқари Барколяга ҳам жой топилди. Мураббий уни ҳужумнинг чап қанотига ташлади, гуржистонлик вингер ўнг қанотдан жой олди, Дуэ эса ҳужумкор яримҳимоячига айланди. Ўз навбатида, «Тоттенҳэм» сўнгги вақтларда ҳужумдаги қатор вакилларини йўқотганди: Сон кетди, Кулушевски, Мэддисон ва Соланке эса жароҳатланган. Улардан сўнггиси фақат ўйин охирига бориб майдонга тушди. Натижада лондонликлар беш ҳимоячи билан ўйнашга қарор қилишди, олдинда фақат Ришарлисон ҳамда Қуддус қолдирилди.
Айтиш мумкинки, «Тоттенҳэм»нинг бошланғич режаси иш берди. Биринчи бўлимда «ПСЖ»да бирорта чинакамига хавфли вазият юзага келмади. Инглизлар тўпга эгалик қилишда икки баробар ортда қолишди, аммо дарвозага зарба бериш бўйича биринчи бўлимда яққол устунлик қилишди – 9:4. Умуман, биринчи бўлимда икки томонда ҳам яққол голли вазиятлар кам бўлди, энг яхши имконият «Тоттенҳэм»да юзага келди ва Франк шогирдлари бундан фойдаланди.
39-дақиқада «Тоттенҳэм» дарвозабони Викарио ижро этган жарима зарбасидан кейин «ПСЖ» дарвозаси қаршисида палапартишлик юзага келди. Аввалига Палиня бир неча метр масофадан зарба йўллади, аммо Шевале тўпни тўсин томон йўналтирилди. Аммо тўп барибир майдонга қайтди ва унга биринчи бўлиб Микки ван де Вен етиб келди, у амалда бўш дарвозани ишғол қилди.

Кутилмаларга терс ўлароқ, «Тоттенҳэм» танаффусга ҳисобда олдинда борган ҳолда йўл олди. Иккинчи бўлим бошида эса яна лондонликлар гол уришди. Ромеронинг бошда йўллаган оддий зарбаси голга айланди. Айтиш мумкинки, Шевале хатога йўл қўйди – газонга сапчиб келган тўпга улгурди, аммо уни тўса олмади – 2:0. «Тоттенҳэм» шундан кейин ҳисобга қараб ўйнади ва ўрни келганда вақт чўзишдан уялмади – ҳатто Ришарлисон бундай ҳаракат учун огоҳлантирилди. Бразилиялик ҳужумчи бу ўйинда иккинчи қаватда тўп учун курашда аъло даражада ҳаракат қилди, аммо қолган барча ишларни ёмон бажарди.
Иккинчи бўлимда ниҳоят «ПСЖ» Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган жамоа каби ўйнай бошлади. Заир-Эмерида жуда ажойиб вазият бўлди, аммо у жарима майдони марказида зарба беришни кечиктириб юборди. Кейин Барколя дарвозани ишғол этди, аммо қанот ҳаками офсайд ҳолати қайд этди. Французлар нафақат тўпга эгалик қилди, балки хавфли ҳужумлар ҳам уюштирди. «Тоттенҳэм» футболчилари эса қуйи блокда тиғиз жойлашиб, охиригача рақибнинг зарбаларига дош беришга ҳаракат қилди.
Ўйин охирларига келиб «ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике Хвича, Барколя ва Дуэни майдондан олди. Улар чиндан ҳам одатдагидан фарқли равишда бу ўйинда вазиятлар яратишда оқсашди. Захирадан ўйинга қўшилган Ли Кан Ин эса ўз имкониятидан фойдаланди ва жарима майдони ташқарисидан ерлатиб аниқ зарба йўллади. Натижада ўйиннинг сўнгги дақиқалари икки жамоа учун ҳам ўта асабий кечди. Ва 90+4-дақиқада французлар барибир ҳисобни тенглаштиришга эришди. Буни ҳам «ПСЖ»нинг захирадан тушган футболчиси амалга оширди. Дембеле қанотдан узатма берди, Рамуш тўпни бош билан дарвоза тўрига йўллади – 2:2, бу эса жамоалар дарҳол пеналтилар сериясига ўтишини англатарди – Суперкубокда овертаймлар кўзда тутилмаган.
Парижликлар сафида тўпга биринчи бўлиб яқинлашган Витиня хато зарба йўллади. Лекин «Тоттенҳэм» ҳам учинчи пеналтидан фойдалана олмади – Шевале ван де Веннинг кучли зарбасини тўсди, кейин эса Тел ҳам хато қилди ва бу хато серия тақдирини ҳал қилди. Натижада «ПСЖ» нафақат ўйиннинг асосий вақтида, балки пеналтилар сериясида ҳам камбэк амалга оширди.
Мавзуга оид
12:24 / 27.11.2025
Мбаппеда покер, «Ливерпул»да йирик мағлубият. ЕЧЛда кун ўйинлари
23:18 / 17.11.2025
Мбаппе ва ПСЖ судда бир-биридан 200 млн евродан ортиқ талаб қилди
15:54 / 08.11.2025
«МЮ» «Тоттенҳэм»га қарши, Италияда дерби, «Барселона»да яна қийин сафар. Кун ўйинлари анонси
12:28 / 02.10.2025