Жамият | 10:04 / 15.08.2025
5108
2 дақиқада ўқилади

Интерпол қидирувида бўлган ўзбекистонликлар АҚШ ва Туркияда ушланди

Улар тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга қайтарилди ва Интерпол Миллий марказий бюроси, ҳудудий ички ишлар органлари ходимларига топширилди.

Фото: ИИБ

Интерпол Тошкент ва Анқара Миллий марказий бюролари ҳамда Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси ҳамкорлиги натижасида Интерпол каналлари орқали қидирув эълон қилинган шахсларнинг депортация қилиш масаласи ҳал этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси хабар берди.

Қайд қилинишича, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси ахборот кўмаги ва АҚШ ваколатли органлари билан яқин ҳамкорликда, Америка ҳамда Туркия томонлари билан қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида, турли жиноятлар, жумладан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа қилмишларни содир этгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирув эълон қилинган Ўзбекистон фуқаролари ушланган.

Америка томони, шунингдек Анқара Интерпол Миллий марказий бюроси, АҚШ ва Туркия ваколатли органлари билан олиб борилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ва ахборот алмашинуви натижасида қидирувдаги шахсларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу тариқа АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси ходимлари ҳамроҳлигида икки нафар шахс Нью-Йоркдан Тошкентга юборилган. Яна икки киши Истанбулдан чиқариб юборилган. Улар кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш мақсадида Интерпол Миллий марказий бюроси ва республика ҳудудий ички ишлар органлари ходимларига топширилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид