Спорт | 14:59 / 15.08.2025
17571
2 дақиқада ўқилади

«Насаф» ва «Андижон» Осиё Чемпионлар Лигасидаги рақибларини билиб олди

Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё Чемпионлар Лигаси иккала турнири гуруҳ босқичига қуръа ташланди.

Фото: Насаф

Ўзбекистон чемпиони «Насаф» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси Элит турнири Ғарб минтақасида иштирок этади.

Қашқадарё клуби қуръага кўра, «Трактор» (Эрон), «Аш-Шўрта» (Ироқ), «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони), «Ал-Ваҳда» (БАА) клублари билан ўз майдонида ўйнайди.

Шунингдек, «Шабаб Ал-Аҳлий» (БАА), «Ал-Аҳлий» (Саудия Арабистони), «Шаржа» (БАА) ва «Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони) клублари билан сафарда беллашади.

Мусобақа 15 сентябрда старт олади ва кейинги йилнинг 25 апрелига қадар давом этади.

Ўзбекистон Кубоги соҳиби «Андижон» Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турнири Ғарб минтақасида дебют қилади. Қуръага кўра, «Арқадағ» (Туркманистон), «Ал-Холидия» (Баҳрайн) ва Қатарнинг «Ал-Аҳлий» клублари билан бир гуруҳда иштирок этади.

Мусобақа 16 сентябрда старт олади ва кейинги йилнинг 16 майига қадар давом этади. Гуруҳда 1- ва 2-ўринни эгаллаган клублар плей-офф босқичига йўл олади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид