Аёллар дунёси | 15:51 / 16.08.2025
14486
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан Оҳайога: муҳожир аёлнинг машаққатли ва орзуларга тўла йўли

Марҳабо Шодманова икки йил аввал моддий қийинчиликлар ва оилавий эҳтиёжлар сабаб АҚШга йўл олди. Унинг сафар йўли хавфли ва машаққатли бўлди – Туркия, Никарагуа, Гондурас, Гватемала ва Мексика орқали минглаб километр йўл босиб, Америка чегарасидан ноқонуний ўтди. Бу ҳикоя фақат бир аёлнинг йўли эмас, балки минглаб муҳожирлар тақдирининг бир кўзгусидир

Хатарли йўл орқали орзулар сари

Марҳабо Шодманова ҳаётдаги катта бурилиш нуқтасини икки йил олдин бошдан кечирган. Ўзбекистондаги моддий қийинчиликлар ва оилавий масъулиятлар унга битта йўл қолдирган – юртини тарк этиб, яхши даромад топиш мумкин бўлган мамлакатга йўл олиш.

“Қарор осон бўлмади. Оилам, фарзандларим, ота-онам кўз ўнгимда турди. Яқинларим қаршилик қилишди. Бир томонда уларнинг келажаги, иккинчи томонда мени нима кутаётгани номаълум, олдинда хавфли турганди”, - дейди Марҳабо.

У АҚШга қонуний виза билан эмас, балки бир неча мамлакатлар орқали хавфли йўналиш билан ўтди: Туркиядан кейин Никарагуа, Гондурас, Гватемала ва Мексика. Ҳар бир мамлакатда у нафақат қонуний тўсиқлар, балки одам савдоси, ўғрилик ва алдов хавфларини ҳис қилиб турди.

Америкадаги ҳуқуқсиз ҳаёт

Бироқ мақсадга етиш йўли фақат чегарадан ўтиш билан тугамади — уни янги юртда янги синовлар кутар эди. Ҳужжатлар расмийлаштиришга бир неча ой, ҳатто йил керак бўлади. Бу даврда у Ню Йоркнинг бир нечта шаҳарларида ишлади. Маркетларда кассир бўлди, она юртда ўрганган ҳунари – тикувчилик қилди, ресторанларда элтувчилик хизмати билан шуғулланди.

“Айниқса, таом етказганда ўзимни камситилгандек ҳис қилардим. Бу нафсониятга тегаркан. Лекин бир нарсани англадим: меҳнат қилмасанг, ҳеч қаерда қадринг йўқ. Ҳамма ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўз юртида ишламай, боқимандаликка ўрганган одам бу ерда ҳам шу бўлади”, - дейди у.

Ўзаро ёрдам ва муҳожирлар ҳамжамияти

Марҳабонинг айтишича, Америкада одамлар унга ёмон муносабатда бўлмаган. Аксинча, кўп ҳолларда ўзбекистонликлар ва бошқа муҳожирлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

“Бу ерда юртдошларимиз жуда кўп. Улар бир-бирининг қийинчиликларини тушунади ва имкони бўлса ёрдам қилади”, - дейди Марҳабо.

Марҳабо ҳозир АҚШнинг Оҳайо штатида, акаси ва синглисининг оилалари билан бир шаҳарда истиқомат қилади. Улар доим ёрдамини аямайди, зарур пайтда суяниш мумкин бўлган яқинлар борлиги унга катта маънавий куч бермоқда.

АҚШда трак ҳайдаётган ўзбек аёли

Ҳужжатлари тайёр бўлгач, Марҳабо аввал такси ҳайдади. Кейинчалик махсус курсларда ўқиб, трак ҳайдовчиси бўлди. Бу иш унга яхши даромад ва муайян эркинлик берди. Лекин ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бор – узоқ йўллардаги ёлғизлик, асосий вақтини техника бошқарувида ўтказади. Бу жиддий масъулият ва ирода талаб қилади.

“Фарзандларимнинг ўқишига, яхши таълим олишига ҳаракат қиляпман. Ота-онамнинг хизматини қилиш – энг катта орзум. Фурсат бўлса, яна Ўзбекистонга қайтаман”, - дейди Марҳабо.

Муҳожирлик — нафақат синов, балки ўқув мактаби ҳам

Марҳабо ҳикояси шундан далолат берадики, муҳожирлик фақат моддий имконият эмас, балки инсонни қайта тарбиялайдиган жараёндир. У меҳнатга муҳтожликни, ўз кучи билан тирикчилик қилиш зарурлигини ва қаерда бўлишидан қатъи назар инсон қадри меҳнат билан ўлчанишини ўргатади.

Марҳабо Шодманова – минглаб муҳожирлардан бири. Унинг йўли хавфли чегаралардан, қонуний ҳуқуқсиз кунлардан ва оғир меҳнатдан ўтди. Унинг йўли – ҳар бир муҳожирнинг орзу ва қийинчиликлар билан суғорилган узун йўлидир. Бу йўл унга меҳнат орқали инсон қадрини, оила, яқинлар қийматини ва Ватаннинг беқиёс аҳамиятини ўргатмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид