Жаҳон | 03:01 / 16.08.2025
20618
4 дақиқада ўқилади

«Қачон бас қиласиз?» – Трамп ва Путин АҚШда учрашди

Трамп ва Путин ниҳоят учрашди. Ҳатто битта машинага ўтириб гаплашиб кетишди. Қуйида Аляскадаги учрашув ҳақида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Путин узра «B-2»

Демак, Путинни Анкориж шаҳридаги авиабазада шахсан Трампнинг ўзи қизил йўлакда кутиб олди. Икки президент мамнун жилмайган кўйи Америка армияси қирувчи самолётлари оралаб машиналар томон йўл олишди. Биласиз, Россия президенти қаерга борса, ўзининг Aurus машинасида юради, лекин бу гал Путин Трампнинг Cadillac'ига у билан бирга ўтириб кетди.

Путин Америка қирувчи самолётлари узра юриб кетаётганида унинг устидан Эрондаги ядровий объектларга бункерга қарши бомбалар ташлаган «B-2» бомбардимончиси ва бешта F-22 қирувчи самолётлари учиб ўтиб кетди. Аслида учрашув учун бунақа дабдабали патрулга эҳтиёж йўқ. Афтидан, Трамп Путинга АҚШ тоғ остидаги ядровий объектни йўқ қилганини эслатмоқчи бўлган кўринади. Путин бу самолётлар ўтаётганда бир муддат уларга қараб қўйди.

«Қачон бас қиласиз?»

Президентлар Alaska 2025 деб ёзилган ёзув олдида қўл бериб суратга тушаётганида, америкалик журналистлар Путинга савол беришни бошлаб юборишди. «Президент Путин, қачон Украинада тинч аҳолини ўлдиришни бас қиласиз?» деб сўради журналист аёл. Путин эса уни эшитмаётганини айтди.

Учрашув ўтадиган залда ҳам россиялик меҳмонга шундай саволлар бериш давом эттирилди. Кейин ташкилотчилар бунақа гаплашиб бўлмайди деган хулосага келиб, журналистларни чиқариб юборишди. Путин журналистларнинг саволларидан ажаблангани акс этган сурат аллақачон машҳур бўлди.

Кремл журналистлар ноқулай саволлар бергани учун (балки жуда шовқин бўлгани учундир) учрашув ҳақида дастлабки видеоларни овозсиз эълон қилди.

Учрашув кутилганидек ОАВ учун очиқ форматда бошланди. Журналистларни жим қилиш осон бўлмади. Улар бирданига Путинга савол бергани сабаб Россия президенти бу нима аҳвол деган кўйи елкасини қисиб ҳам қўйди. Журналистлар учун очиқ форматдаги учрашувда ҳар икки томондан уч киши қатнашди: Россия томонидан Путин, унинг маслаҳатчиси Юрий Ушаков ва Аляскага СССР ёзувли свитерда борган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров; Америка томонидан Трамп, давлат котиби Рубио ва Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф.

Демак, режалаштирилганидек икки президентнинг журналистлар қаршисида, уларнинг саволларига бемалол жавоб бериб гаплашиши амалга ошмади. Шунақа бўлиши ҳам аниқ эди. Чунки аксар Ғарб нашрлари Владимир Путинга тўрт йил ичида илк марта савол бериш имконига эга бўлди. Шу тариқа президентлар учрашувнинг ёпиқ қисмига йўл олишди. Ёпиқ эшиклар ортида Россия ва АҚШ делегацияси 6-7 соат давомида мулоқот қилиши кутилмоқда.

Биз учрашув тафсилотлари ҳақида алоҳида видео ҳам эълон қиламиз. Ҳозирча Аляскага СССР ёзувли свитерда борган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг гапларини келтирмоқчимиз. Ундан журалистлар «Учрашувдан кейин Россиядан санкциялар ечилиши мумкинми»? деб сўрашди. Лавров эса ўзига хос киноя усулида жавоб берди: «Кимдандир албатта ечилади, бу аниқ». Бу гапнинг формулировкаси жуда қўпол бўлади, шу учун уни айтиб ўтирмайман. Россия ташқи ишлар вазирининг гапириш тонидан бохабар бўлганлар бу гапнинг маъносини жуда яхши тушунди.

Ҳозирча шу, азизлар. Биз эрталаб учрашув тафсилотларига яна тўхталамиз. Бизда тонг отганда дастлабки тафсилотлар пайдо бўлишни бошласа керак. Kun.uz'дан узоқлашманг, бизнинг саҳифаларга обуна бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид