Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трансафғон темирйўли – амалга ошириш имконли ишми?
Бир неча йилдан бери Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукумати Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган темирйўл линиясини қуриш устида ишлаяпти. Бу лойиҳа Ўзбекистонга нима беради ва уни амалга ошириш учун қандай муаммоларни ечиш керак?
17 июл куни Кобулда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари Трансафғон темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолади. Хўш, катта умидлар боғланаётган бу лойиҳани амалга ошириш имконияти қай даражада?
Трансафғон темирйўлининг аҳамияти
Қарийб 250 млн аҳолига эга Покистон – Ўзбекистон учун жуда улкан бозор. Қолаверса, Карачи, Қосем ва Гвадар денгиз портлари Яқин Шарқ, Африка ва Ҳиндистон бозорларига чиқиш имкониятини беради.
Прогнозларга кўра, “Мозори Шариф–Кобул–Пешовар” темирйўлининг қурилиши Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиради. Шунингдек, товар етказиб бериш харажатлари Марказий Осиё ва Покистон ўртасида 40 фоизгача камайиши мумкин.
Биринчи босқичда янги темирйўл йилига 3 млн тоннага яқин юк ташиш имкониятини бериши кутиляпти. 2035−2040 йилларга бориб, ташиш ҳажми 15−20 млн тоннагача ўсиши мумкин. Бу – лойиҳанинг кўп эътироф этилаётган иқтисодий жиҳатлари.
Ўз навбатида, қатор геосиёсий омиллар ҳам мавжуд.
Биринчидан, Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга ошириш Афғонистонни қайта тиклаш учун жуда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Хусусан, ушбу ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистон ташқи савдосининг кескин ўсишини таъминлаши ва транзитдан расмий Кобул йилига юз миллионлаб доллар даромад олиши мумкин.
Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги ўз исботини топиб улгурди. Минтақада барқарор хавфсизлик ва савдо алоқаларини таъминлашнинг ягона йўли – мамлакатни сиёсий-иқтисодий модернизация қилиш. Тарихан ҳам, Кобул ва Қандаҳор ҳар доим Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо алоқаларининг асосий нуқталаридан бири бўлиб келган. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати “Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми” концепциясини ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиш устида ишлаяпти. Яъни ушбу лойиҳа Афғонистоннинг ҳудудий бирликларини ўзаро боғлаш билан бир қаторда, мамлакатдаги ишсизлик муаммосини камайтиради, инфраструктура яратилади. Шу билан бирга, расмий Тошкентга Афғонистоннинг ўзи билан ҳам савдо ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш эшиклари очилади.
Иккинчидан, Ўзбекистон учун Жанубий Осиёдаги иккита улкан бозорга эга мамлакатлар – Покистон ва Ҳиндистон билан алоқаларни яхшилаш кундан кунга геосиёсий амбициялари кучайиб бораётган Россия таъсиридан узоқлашиш ва боғлиқликни камайтиришга ёрдам беради. Украина воқеалари фонида жорий қилинган санкциялардан келиб чиқилса, узоқ йиллар Россия ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш имкони чекланган бўлиб қолиши мумкин. Трансафғон темирйўли истиқболда Ўзбекистоннинг Россия ёки Хитойга боғланиб қолган иқтисодий қарамлигини камайтириб, кучлар мувозанатини диверсификация қилиш учун янги воситаларни тақдим этиши керак.
Учинчидан, Эроннинг Чобаҳор, Бандар Аббос портлари ҳам Ўзбекистон учун денгизга чиқиш имкониятини тақдим қиладиган энг қисқа йўналишлардан ҳисобланади. Аммо сўнгги пайтлардаги Эрон–АҚШ муносабатларининг янада кескинлашиши расмий Тошкентни Эрон темирйўлларига муқобил йўналишларни излашга мажбур қиляпти. Эрондаги ҳар қандай можаро минтақадаги муҳим иқтисодий муносабатлар ва транспорт алоқалари бузилишига олиб келади.
Шу жиҳатдан, Трансафғон темирйўли бир қанча жиҳатга кўра жозибадор, лекин энг муҳими, агар у қуриб битказилса, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон учун денгиз портларига қисқароқ йўл очилади.
Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш имконияти қандай?
Трансафғон темирйўлини қуриш ташаббуси 2018 йилда илгари сурилганди. 2021 йил бошида Мозори Шариф–Кобул–Пешовор темирйўлининг қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланди. Хусусан, қурилиш ишлари 2021 йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашиши бунга йўл қўймади. «Толибон» ҳаракатининг муваққат ҳукумати эса бир қанча музокаралардан сўнггина лойиҳага қўшилди. 2022 йилнинг бошида мазкур темирйўл йўналиши тасдиқланди. 2023 йилнинг май ойида Тошкентда Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темирйўл линиясини қуриш лойиҳасини мувофиқлаштириш офиси очилди.
Яъни бу лойиҳа кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Дастлабки режалар ўхшаганида, қурилиш ҳозирга қадар тугалланган бўлиши керак эди. Аммо, айни пайтда ушбу темирйўлни қуришга халақит берувчи бир қанча жиддий тўсиқлар бор.
Молиявий муаммолар. Трансафғон темирйўлини қуришдаги энг катта муаммо уни ким молиялаштириши масаласидир. Лойиҳани амалга ошириш дастлаб 4,8 – 5 млрд доллар атрофида баҳоланган эди. Кейинчалик бу миқдор 8,2 млрд долларгача оширилди. Охирги маълумотларга кўра, умумий узунлиги 647 километр бўлган темирйўлни қуришга 4,6 млрд доллар маблағ керак. Ўзбекистон томони дастлаб АҚШнинг Халқаро тараққиёт молия корпорацияси ҳамда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби молиявий институтлардан кредит жалб қилишни режа қилганди. Аммо, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ва «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши фонида, дастлабки келишувлар бекор қилинди. Ҳозиргача бирор банк ёки донор лойиҳа учун маблағ ажратишини расман тасдиқламаган.

Пул тикиши мумкин бўлган мамлакатлардан бири – Хитой. Расмий Пекин “Бир камар ва йўл” ташаббуси доирасида Евросиё транспорт коридорларини кенгайтириш бўйича аниқ белгиланган стратегияни амалга оширяпти. Бироқ Хитой томони ҳам хавфсизлик масалаларини инобатга олган ҳолда, аниқ молиявий сармоя ажратиш борасида эҳтиёткорлик билан ёндашишда давом этяпти. Бундан ташқари, Хитой Покистон билан Ҳинд океанига тўғридан тўғри чиқиш имконини берувчи CPEC (Хитой–Покистон иқтисодий йўлаги) лойиҳасини амалга оширяпти.
Россия ҳам темирйўлга қизиқиш билдирган. Москва толиблар билан ижобий алоқаларга эга. Аммо Россиядаги ҳозирги иқтисодий ҳолат молиялаштиришнинг асосий юкини кўтаришга имкон бермайди. Уларнинг иштироки кўпроқ техник қўллаб-қувватлаш кўринишида бўлиши мумкин.
Шунингдек, Қатар ўзининг “юмшоқ куч” сиёсатини оммавийлаштириш стратегияси доирасида ушбу лойиҳага қизиқиш билдиряпти. Ўтган йилнинг феврал ойида тўрт томонлама Трансафғон темирйўлини молиялаштириш механизмлари доирасида учрашув ўтказилганди. Жорий йилнинг июл ойида Қозоғистон ҳукумати ҳам Трансафғон коридорига 500 млн доллар инвестиция қилишга тайёрлигини эълон қилди.
Ҳозирги босқичда Ўзбекистон ва Покистон мавжуд ресурслар ҳисобидан лойиҳа ҳужжатлари ва техник-иқтисодий асослаш ишларини бошлаган. Афғонистоннинг халқаро миқёсда тан олинмагани эса мамлакатни ҳуқуқий жавобгарликни талаб қилувчи глобал лойиҳалардаги иштирокида жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти. Халқаро молиявий ташкилотларнинг бугунги позицияси ўта эҳтиёткор. АҚШ ва Европа давлатлари Марказий Осиёнинг Хитойга қарамлигини пасайтириш мақсадида келажакда Трансафғон темирйўлига сармоя киритиши мумкинлиги ҳақида эҳтимоллар бор, аммо бу мавжуд реалликни ўзида акс эттирмайди.
Хавфсизлик муаммолари. Трансафғон темирйўлини қуриш билан боғлиқ яна бир катта муаммо хавфсизлик билан боғлиқ. “Толибон” ҳукумат тепасига келганидан 4 йил ўтиб ҳам, турли этник гуруҳлар ва радикал ҳаракатлар ўртасида зиддиятлар давом этяпти. Хусусан, “ИШИД-Хуросон” Кобул ва Ҳирот вилоятларида кўплаб амалиётлар ўтказгани лойиҳага тўғридан тўғри таҳдид сифатида кўрилади. Террористик гуруҳлар айниқса Покистон билан чегарадош Афғонистоннинг жанубий вилоятларида фаол ҳаракат қиляпти. Бу ер тоғли ҳудуд бўлгани боисидан ҳам хавфсизликни таъминлаш жуда ҳам мураккаб. “Толибон”га қарши гуруҳлар инфратузилма объектларини ҳам нишонга олиши мумкин. Афғонистон томони хавфсизлик кафолатларини бераётган бўлса-да, бу халқаро инвесторларнинг ишончи учун камлик қилади.

Бу борада Покистон билан боғлиқ вазият ҳам яхши эмас. Энг йирик стратегик портлардан бири бўлган Гвадар Балужистон вилоятида жойлашган. Бу ҳудуд мамлакатнинг энг катта, шу билан бирга энг кам аҳоли яшайдиган қисмидир. Балужлар узоқ йиллардан бери миллий озодлик талаб қилиб келишади. Сўнгги пайтларда Балужистон озодлик армияси (BLA) ва Покистон ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар тез-тез кузатиляпти. Балужистон озодлик армияси 1970 йиллардан бери мавжуд, аммо 2013 йилда Покистон Гвадар портини Хитойга ижарага берганидан кейин унинг фаоллиги кескин ошди. Айирмачилар ҳукуматни Балужистон табиий бойликларини маҳаллий аҳоли манфаатларини ҳисобга олмасдан ишлатишда айбламоқда. Жангарилар хитойлик ишчиларни Гвадарга олиб кетаётган карвонларга мунтазам ҳужум қилиб туради, қурбонлар ҳам кўп. Масалан, биргина 2024 йилнинг ўзида 150 дан ортиқ ҳужум уюштиришган.
Бундан ташқари, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам яхши эмас. Икки ўртада тез-тез қуролли тўқнашувлар ҳам бўлиб турибди. Расмий Исломободнинг апрел ойида 80 мингдан ортиқ афғон муҳожирини ватанига депортация қилиши муносабатлардаги совуқчиликни янада кучайтирди. Шунингдек, Покистон томони пуштунлардан таркиб топган “Теҳрике Толибон Покистон” қуролли ҳаракатини террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди. Покистон ҳукумати “Толибон”ни Покистон толибларининг етакчиларига бошпана берганликда айблаб келади. Кобулдагилар эса буни рад этади.
Техник ва технологик муаммолар. Яна бир тўсиқ – топографик ва мавсумий чекловлар билан боғлиқ. Трансафғон линиясининг бир қисми Ҳиндукуш тоғли ҳудудидаги Саланг довони орқали 3500 метр баландликдан ўтиши режалаштирилган. Бу уни дунёдаги энг баланд темирйўл линияларидан бирига айлантиради. Саланг довони қиш мавсумида кучли қор ёғиши ёки қор кўчкиларига мойил бўлиб, бу темирйўлнинг узоқ вақт давомида ишламай қолишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли тоғ остида яна бир туннел қуриш керак бўлади. Бу эса харажатларни оширади ва инвестиция жалб қилишни мураккаблаштириши, кечиктириши ёки умуман чеклаши мумкин.
Топография ва об-ҳаво шароити билан боғлиқ муаммолар етказиб бериш инфратузилмасига чекловлар қўяди ва бозорларга бориш учун вақт ва масофани оширади. Афғонистон томони Бағлон ва Бомиён орқали темирйўл йўналишини тасдиқлади, бу Саланг довони ва унинг асоратларидан қочишга уриниш бўлиши мумкин. Саланг довони таъмирлаш учун вақтинча ёпилганда айнан Бағлон-Бомиян йўналишидан фойдаланилиши мумкин.
Таклиф этилаётган Трансафғон темирйўл линияси бўйлаб хусусий ер эгаларига товон пули тўлаш, Афғонистондаги электр узатиш йўлларининг ишончлилигини таъминлаш ва ушбу темирйўл линиясини яратиш ва сақлаш учун маҳаллий ишчи кучини тайёрлаш зарурати каби бошқа операцион масалалар ҳам тегишли харажатларни талаб қилади.
Афғонистон темирйўл рельсларидаги стандартлар ҳам ҳар хил. Покистонликлар томонидан лойиҳалаштирилаётган темирйўл изларининг кенглиги 1676 мм. Ўзбекистондан Мозори Шарифгача бўлган темирйўл излари кенглиги эса МДҲ стандарти бўйича 1526 ммни ташкил этади. Бу товарларни қайта юклаш ва уларни етказиш учун вақт ва харажатлар кетишига олиб келади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Трансафғон линиясининг қурилишини энг кўп хоҳлаётган давлат бу – Ўзбекистон. Ушбу темирйўл нафақат иқтисодий, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Аммо мавжуд реаллик ушбу лойиҳанинг яқин йилларда амалга ошиши имконияти анча чекланганини кўрсатяпти.
Достон Аҳроров тайёрлади.
Мавзуга оид
21:23 / 04.12.2025
Афғонистонда 13 ёшли бола қариндошларининг қотилини 80 000 томошабин олдида қатл қилди
20:27 / 02.12.2025
Тожикистон афғон чегарасини қўриқлаш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўради
19:03 / 02.12.2025
Тожик-афғон чегарасида яна икки хитойлик ҳалок бўлди, Хитой хавфсизликни таъминлашни талаб қилди
17:36 / 02.12.2025