Бир неча йилдан бери Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукумати Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган темирйўл линиясини қуриш устида ишлаяпти. Бу лойиҳа Ўзбекистонга нима беради ва уни амалга ошириш учун қандай муаммоларни ечиш керак?

17 июл куни Кобулда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари Трансафғон темирйўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолади. Хўш, катта умидлар боғланаётган бу лойиҳани амалга ошириш имконияти қай даражада?

Фото: Транспорт вазирлиги

Трансафғон темирйўлининг аҳамияти

Қарийб 250 млн аҳолига эга Покистон – Ўзбекистон учун жуда улкан бозор. Қолаверса, Карачи, Қосем ва Гвадар денгиз портлари Яқин Шарқ, Африка ва Ҳиндистон бозорларига чиқиш имкониятини беради.

Прогнозларга кўра, “Мозори Шариф–Кобул–Пешовар” темирйўлининг қурилиши Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиради. Шунингдек, товар етказиб бериш харажатлари Марказий Осиё ва Покистон ўртасида 40 фоизгача камайиши мумкин.

Биринчи босқичда янги темирйўл йилига 3 млн тоннага яқин юк ташиш имкониятини бериши кутиляпти. 2035−2040 йилларга бориб, ташиш ҳажми 15−20 млн тоннагача ўсиши мумкин. Бу – лойиҳанинг кўп эътироф этилаётган иқтисодий жиҳатлари.

Ўз навбатида, қатор геосиёсий омиллар ҳам мавжуд.

Биринчидан, Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга ошириш Афғонистонни қайта тиклаш учун жуда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Хусусан, ушбу ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистон ташқи савдосининг кескин ўсишини таъминлаши ва транзитдан расмий Кобул йилига юз миллионлаб доллар даромад олиши мумкин.