Жаҳон | 10:05 / 19.08.2025
3629
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон аҳолисига «Шоҳнома»нинг янги нашри бепул тарқатилади

Ҳар бир оила 1200 саҳифадан иборат 2 жилдли китобни олади.

Фото: Asia-Plus

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолисига маҳаллий ҳокимият томонидан Абдулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достони икки жилдли нашри бепул тарқатилди. Ҳар бир оилага ҳар бири 1200 саҳифадан иборат 2 жилддан китоб берилади, деб ёзди Asia-Plus.

Тожикистоннинг Маданият вазирлиги нашрлар департаменти «Шоҳнома» достони 2026 йилгача етарли тиражда нашр этилиши ва барча ҳудудлар аҳолисига тарқатилишини маълум қилган.

Қайд қилинишича, «Шоҳнома» Тожикистон президенти захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилмоқда. Китобнинг сўзбошисида ёзилишича, у Имомали Раҳмон томонидан давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан совға қилинган.

«Шоҳнома» китобини нашр этиш ва мамлакат аҳолисига бепул тарқатиш бўйича топшириқ 2023 йил декабрь ойида Тожикистон президенти томонидан академик Бобожон Ғафуров таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан ўтказилган Халқаро симпозиумда берилган эди.

Тожик шеъриятининг мумтоз вакили Абулқосим Фирдавсий ўзининг «Шоҳнома» достонини 30 йилдан ортиқ вақт давомида ёзган. Бу асар жаҳон адабиётидаги энг буюк достонлардан бири ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид