Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нега йиғлашдан уялмаслик керак? Йиғлашнинг руҳий ва жисмоний фойдалари
Йиғлаш бу – нафақат ҳиссиётларимизни ифода этишнинг табиий усули, балки организмимиз учун жуда фойдали бир жараён. Кўпинча йиғлаш заифлик ёки ҳиссий заифлик сифатида қаралади. Аммо илм-фан ва психологлар бу жараённинг аслида инсон учун қандай фойдали эканини таъкидлайди. Йиғлашнинг нафақат руҳий, балки жисмоний саломатликка ҳам ижобий таъсири бор.
Йиғлаш – психологик енгиллик воситаси
Психологлар йиғлашнинг аҳамиятини турли жиҳатлари билан ўрганишди. Биринчи навбатда, йиғлаш стрессни камайтиришдаги муҳим ролини ўйнайди. Healthline нашри хабарига кўра, йиғлаган одамнинг организми кортизол (стресс гормони) даражасини пасайтиришга ҳаракат қилади. Натижада одам кўпинча ўзини енгил ва бўшашган ҳис қилади. Бу жараён психологияда “катарсис” деб аталади, яъни йиғлаш орқали инсон ички оғирликдан халос бўлади.
Бундан ташқари, йиғлаш давомида эндорфинлар ва бошқа фойдали моддалар ажралиб чиқади, улар кайфиятни кўтаради ва оғриқни камайтиради. Шу сабабли, йиғлаган одам бир неча дақиқадан сўнг ўзини сокин ва хотиржам ҳис қилиши мумкин.
Йиғлаш танага қандай таъсир қилади?
Йиғлаш фақат руҳий эмас, жисмоний саломатлик учун ҳам фойдали. Кўз ёшлари таркибида лизоцим деб аталувчи табиий антибактериал фермент мавжуд бўлиб, бу кўзларни микроблардан ҳимоя қилади. Йиғлаш орқали кўзлар ортиқча туз, чанг ва аллергенлардан тозаланади, бу эса кўз саломатлигини яхшилашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, йиғлаш юрак фаолиятини сокинлаштиради ва қон босимини пасайтиради. Нафас олиш ритми ўзгаради, кўкрак қафаси кенгаяди, натижада юрак уриши барқарорлашади. Бу жараён тиббиётда тананинг ўзини тинчлантириш механизми сифатида изоҳланади.
Кўз ёшларининг турлари
Йиғлашнинг турли шакллари мавжуд:
1. Рефлекс кўз ёшлари – пиёз тўғраганда ёки чанг кўзга кирганда юзага келади. Бу ҳимоя механизми бўлиб, кўзни безовта қилувчи моддалардан тозалайди.
2. Базал кўз ёшлари – кўзнинг доимий намлигини сақлаб турувчи табиий суюқлик. У кўз қорачиғини қуриб қолишдан ҳимоя қилади.
3. Эмоционал кўз ёшлари – қайғу, хурсандчилик ёки оғриқдан юзага келади. Бу турдаги йиғлашда стрессни камайтирадиган гормонлар кўпроқ ажралади.
Йиғлашнинг салбий томонлари: кўп йиғлаш хавфдан сигнал бўлиши мумкин
Ҳар бир инсоннинг йиғлашга ҳуқуқи бор, аммо агар йиғлаш тез-тез, назоратсиз ва узоқ давом этадиган одатга айланса, бу руҳий саломатликдаги муаммоларни кўрсатиши мумкин.
1. Депрессия – йиғлашнинг энг кенг тарқалган сабаби. Депрессияда одам ўзини тушкун, умидсиз ҳис қилади ва кичик бир сабаб ҳам уни йиғлашга олиб келиши мумкин.
2. Ташвиш – ҳаддан ташқари хавотир ва ташвиш йиғлаш билан бирга кечади. Бу ҳолатда йиғлаш кўпинча ички қўрқув ва беқарорлик натижасида юзага келади.
3. Гормонал ўзгаришлар – ҳомиладорлик, туғуруқдан кейинги давр ёки климакс пайтида гормонлар даражаси ўзгаради ва бу аёлларда кўпроқ йиғлашга сабаб бўлиши мумкин.
4. Неврологик касалликлар – баъзи асаб тизими касалликларида одам ўз хоҳишига қарши тез-тез йиғлайди ёки кулади.
Йиғлаш аслида одамни ички ҳиссиётларини тан олишга ва ифода этишга ёрдам берадиган табиий бир жараёндир. Унинг руҳий ва жисмоний саломатликка таъсири жуда ижобий. Аммо агар йиғлаш кўп ва назоратсиз бўлса, бу руҳий саломатликдаги муаммоларга ишора бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда, мутахассислар ёрдамига мурожаат қилиш зарур.
Йиғлашдан уялмаслик керак – бу жараён аслида одамнинг саломатлигини яхшилашга ва психологик енгилликка олиб келади.
Мавзуга оид
17:09 / 04.12.2025
Йўтални дориларсиз кетказиш мумкинми?
01:36 / 01.12.2025
Юрак учун энг фойдали маҳсулотлар айтилди
18:41 / 27.11.2025
Диабетга чалинган одамларнинг 40 фоизгача қисмида буйрак касаллиги ривожланади – Mayo clinic
23:31 / 26.11.2025