Иқтисодиёт | 16:12 / 22.08.2025
18411
2 дақиқада ўқилади

Долларнинг расмий курси охирги 20 ойликдаги энг паст даражага тушди

Доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 168 сўмга (1,3 фоиз) арзонлашди. 25 август куни амалда бўладиган 12 357 сўмлик расмий курс – 2024 йилнинг 6 январидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 25 августдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 56,7 сўмга ўз қийматини йўқотди.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 168 сўмга (1,3 фоиз) — 12 525 сўмдан 12 357 сўмга арзонлашди. Бу – 2024 йилнинг 6 январидан (12 355 сўм) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.

Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан 4,2 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида сўм 2,6 фоизга (12 352 сўмдан 12 677 сўмга) қадрсизланган эди.

Кун давомида Америка валютасини 12 430 сўмдан бошлаб сотиб олиш мумкин бўлди. 

Айни пайтда сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин. 

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид