Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Калтакланадиган болалар ўқишда қолоқ, тажовузкор бўлиб улғаяди” – ЖССТ
Ҳисоботда айтилишича, болани уриб тарбиялаш унинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий соғлигига жиддий зарар етказади. Бундай жазо ўсмирнинг ички қўрқув ва хавотирини кучайтириб, уни доимий стресс остида яшашга мажбур қилади. Оқибатда бола ўзига бўлган ишончини йўқотади, онгида “мен ёмонман” деган фикр шаклланиб, шахсини қадрсиз ҳис қилади. Энг хавфлиси, калтакланган бола кейинчалик ўзгаларга ҳам зўравонлик қилишни одатий ҳол деб қабул қила бошлайди, яъни тажовузкор хулққа эга бўлиб улғаяди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг янги ҳисоботида болаларни жисмоний жазолаш (тан жазоси) кенг тарқалганлиги, бу уларнинг соғлиғи ҳамда ривожланишига жиддий зарар етказиши таъкидланган.
Маълум қилинишича, дунё бўйича ҳар йили тахминан 1,2 миллиард (0–18 ёш) бола уй шароитида жисмоний жазога дучор бўлади. 58 та мамлакатдан тўпланган маълумотлар шуни кўрсатадики, биргина ўтган ойнинг ўзида (июл) жисмоний жазога учраган болаларнинг 17 фоизи унинг энг оғир шаклларидан азият чеккан, яъни боши, юзи ёки қулоқларига кучли урилган: қаттиқ ва қайта-қайта калтакланган.
Уй шароитида болаларни жазолаш даражаси мамлакатларга қараб кескин фарқ қилади. Масалан, Қозоғистонда ота-оналарнинг 30 фоизи, Украинада 32 фоизи “охирги ойда боламни урдим ёки жисмоний жазоладим” деб тан олган. Сербияда бу кўрсаткич анча юқори — 63 фоиз. Серра-Леонеда 64 фоиз, Тогода эса деярли 77 фоиз ота-она болани жисмоний жазолашини айтган.
Мактабларда ҳам бу амалиёт кенг тарқалган. Африка ва Марказий Америкада болаларнинг қарийб 70 фоизи ўқиш даврида калтакланишга учраса, Тинч океани ғарбий минтақасида мазкур кўрсаткич 25 фоиз атрофида.
“Илмий далилларга кўра, жисмоний жазолаш болалар соғлиғига кўп қиррали хавф туғдиради. Бу на ўсмирларнинг хулқ-атвори, на ривожланишига фойда келтиради. Ота-оналар ёки жамият учун ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқ. Энди бу зарарли амалиётни тугатиш вақти келди, токи болалар уйда ҳам, мактабда ҳам соғлом ривожланиб улғайишсин”, – дейди ЖССТнинг Соғлиқ детерминантлари, тарғибот ва профилактика бўлими директори Этиенне Круг.
“Болаларни жисмоний жазолаш: унинг жамоат саломатлигига таъсири” номли ҳисоботда айтилишича, энг кўп тан жазосига учрайдиганлар ногиронлиги бор болалар ҳисобланади. Шунингдек, ўзи ҳам ёшлигидан калтак еб улғайган, гиёҳвандлик, депрессия ва бошқа руҳий муаммолардан азият чекаётган ота-оналарнинг фарзандлари зўравонликдан азият чекади. Бундан ташқари, камбағаллик, ирқчилик ва камситилиш каби ижтимоий муаммолар болаларнинг тан жазосига дуч келиш эҳтимолини оширади.
Болаларга нисбатан жисмоний жазолашнинг соғлиққа таъсири узоқ муддатли бўлади, яъни фақатгина қизариш, кўкариш каби бевосита жароҳатлар билан чекланмайди. Калтакланиш организмда зарарли биологик жараёнларни қўзғатади: стресс гормонларининг кучайиши, мия тузилиши ва функциясида ўзгаришлар ҳосил қилади, бу болаларнинг соғлом ривожланишини издан чиқариши мумкин.
49 та кам ва ўрта даромадли мамлакатларда ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, жисмоний жазога учраган болалар бундай жазога учрамаган тенгдошларига қараганда ўртача 24 фоиз кам ривожланади. Руҳий саломатликка таъсири ҳам жиддий: бундай болалар ташвиш, депрессия, ўзини қадрламаслик, ҳиссий беқарорлик билан яшайди. Мазкур ҳолатлар улғайгач ҳам давом этади, гиёҳвандлик ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келади.
Бундан ташқари, кўп калтакланган болалар тажовузкорроқ хулққа эга бўлиб улғаяди, ўқишда қийналади, вояга етгач зўравонлик, ижтимоий қоидабузарлик ёки жиноят содир этишга мойил бўлади.
Кўплаб мамлакатларда жисмоний жазолаш тақиқланган бўлса-да, унинг ҳануз қўлланиши ва ота-оналар томонидан зарур деб ҳисобланиши бу борада қонуннинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатади. Чунки қонун қабул қилишнинг ўзи муаммони ҳал этмайди: жамиятда қарашлар ўзгармаса, ота-оналар тарбия усулларини янгиламаса, болага қўл кўтариш одати давом этаверади. Шу сабабли мутахассислар қонуний чоралар билан бир қаторда тушунтириш ишлари, ота-оналарни ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари орқали бу одатни йўқотиш мумкинлигини таъкидламоқда. “Болага меҳр бериш, уни тушуниш ва мулоқот асосидаги тарбия жамиятнинг соғлом ривожланиши учун ўта муҳимдир”, – дейилади ҳисоботда.
Мавзуга оид
20:58 / 26.05.2026
Африкадагилар Эбола безгаги тарқалишини жиловлай олмаяпти
22:16 / 25.05.2026
ЖССТ Конгода Эбола эпидемияси назоратдан чиқиб кетгани ҳақида огоҳлантирди
18:24 / 22.05.2026
Эбола янги штаммига қарши вакцина фақат олти-ўн ойдан кейин тайёр бўлади – ЖССТ
20:13 / 19.05.2026