Жаҳон | 13:44 / 22.08.2025
6365
2 дақиқада ўқилади

Украина Россия нефтини Венгрияга етказувчи «Дружба» қувурига яна зарба берди

Россиядан «Дўстлик» қувури орқали Венгрия ва Словакияга нефть етказиб бериш яна тўхтатилди.

Фото: AP

Украина дронлари Россиянинг Брянск вилояти, Унеч шаҳридаги «Дружба» нефть қувурининг нефть ҳайдаш станциясига яна зарба берди.

УҚК учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди ўз телеграм-каналида дронлар зарбаси ҳақида хабар берар экан, хусусан, венгер тилида «Руслар уйга даф бўлинглар!», деб ёзди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто 22 август куни эрталаб фейсбукда «Дўстлик» қувури орқали Россиядан нефть етказиб бериш яна тўхтатилганини маълум қилди.

«Бу мамлакатимиз энергетика хавфсизлигига яна бир ҳужумдир. Бизни урушга тортишга навбатдаги уриниш. Уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди! Биз тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда ва миллий манфаатларимизни бор кучимиз билан ҳимоя қилишда давом этамиз!», деб ёзди Венгрия ташқи ишлар вазири.

Россия Мудофаа вазирлиги 21 август куни кечқурун Брянск вилояти устида иккита дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган эди.

Илгари Украина дронлари 18 август куни «Дружба» нефть қувурига зарба берган эди. Шунда нефть етказиб бериш тўхтатилди, аммо 20 августга келиб қувур яна ишга тушди. Бунгача дронлар 13 августга ўтар кечаси Утечдаги нефть ҳайдаш станциясига ҳужум қилганди.

«Дружба» қувури орқали Россия нефтини Венгриядан ташқари Словакия ҳам олади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид