Жаҳон | 10:30 / 23.08.2025
19161
3 дақиқада ўқилади

Трамп қўлининг суратлари унинг касаллиги ҳақидаги миш-мишларни кучайтирди

Журналистларнинг фикрига кўра, Оқ уй раҳбари қўлида тонал кремнинг қалин қатлами билан кўриниш бермоқда ва бу крем билан кўкарган жойларини яширяпти.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп соғлиғи туфайли яна муҳокамалар марказига тушди. Унинг қўлида тонал кремнинг қалин қатламини пайқаб қолишди, бу крем билан кўкарган жойларини ниқоблайди, деб ёзди The Daily Beast.

Оқ уйнинг 79 ёшли раҳбари 22 август куни Вашингтондаги «The People’с House» тадбирида иштирок этди. Воқеадан олинган суратларда Трампнинг ўнг қўли макияж билан қоплангани, крем эса тери рангидан яққол ажралиб турганини кўриш мумкин.

«Овал кабинетда Трамп узоқ вақт давомида ўнг қўлини чап қўли билан тўсган ҳолда ўтирди. Аммо матбуот олдида чиқиш пайтида барибир тонал крем кўзга ташланди. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, президент қўлини камералардан яширишга уриниб, ноқулай ҳаракатлар қилган», деб қайд этди нашр.

Унинг қўллари биринчи марта эътиборни жалб қилаётгани йўқ. Аввалроқ Оқ уй кўкаришларни «кўп марта қўл бериб кўришиш оқибатлари» ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун аспирин қабул қилиш билан изоҳлаган эди.

«Президент Трамп ҳар куни минглаб америкаликлар билан учрашади ва тарихдаги бошқа президентларга қараганда кўпроқ қўл сиқишади. Унинг халққа хизмат қилишга содиқлиги ўзгармайди», деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт.

Июль ойида шифокорлар президентга сурункали веноз етишмовчилик ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берди - бу кексалар учун кенг тарқалган ҳолат бўлиб, шиш ва қон доғлари сабабларини тушунтириши мумкин.

Шу билан бирга, журналистларнинг таъкидлашича, Оқ уй шишларни даволаш ва «саломатлик режаси» ҳақидаги саволларга «мужмал» жавоб бермоқда.

Баҳорда доктор Шон Барбабелла анъанавий йиллик тиббий кўрик натижаларини эълон қилиб, Трампнинг аҳволи «жисмоний ва ақлий жиҳатдан аъло даражада» эканини айтди. Бироқ сўнгги ойларда президентнинг суратлари ва омма олдидаги чиқишлари унинг соғлиғи ҳақида мунтазам равишда саволлар туғдирмоқда, деб ёзди The Daily Beast.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид